Қозоғистонлик баскетболчилар Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритди

Хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳридаги енгил атлетика ва ўйин турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида баскетбол бўйича Осиё чемпионати йўлланмаси учун саралаш баҳслари бўлиб ўтди.
Мусобақада Қирғизистон ва Ўзбекистон терма жамоаларини йирик ҳисобларда мағлуб этган қозоғистонлик ўсмирлар Марказий Осиё баскетбол ассоциацияси кубогини қўлга киритди. Шу билан бирга, Қозоғистон терма жамоаси жорий йилнинг сентябрь ойида Қатарда ўтказиладиган Осиё чемпионатида иштирок этиш йўлланмасига эга чиқди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларга кубок ва медаллар топширилди.
Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири, Ўзбекистон баскетбол федерацияси президенти Илҳом Маҳкамов ва Марказий Осиё баскетбол ассоциацияси президенти Абай Алпамисов иштирок этди.