"Қулупнай сотиб, "Дамас" олдик
Паст Дарғом тумани Қўқони маҳалласида қиш кунларида ҳам томорқадан унумли фойдаланадиган деҳқонлар кўп. Улар орасида ёшлар, айниқса, хотин-қизларнинг борлиги қувонарли. Масалан, Латофат Йўлдошева 3 сотих ердан яхшигина даромад топиб, бошқаларга ўрнак бўляпти.
- Бу хонадонга келин бўлиб тушганимга 10 йил бўлди, - дейди Л.Йўлдошева. – Ҳам фарзандларим тарбияси билан шуғулланиб, ҳам бирор жойда ишлашнинг имкони бўлмагани учун ҳовлида томорқачилик билан шуғулланишга қарор қилганман. Бунда менга турмуш ўртоғим, қайнота-қайнонам яқиндан ёрдам берди. Дастлаб 1 сотих ерда иссиқхона ташкил қилиб, кўкатлар етиштирдик. Маҳсулотларни маҳалламиздаги ошхона ва дўконларга тарқатардим. Ҳар икки-уч кунда 100-200 минг сўмга кўкат сотардик.
Латофат Йўлдошеванинг айтишича, кўкатдан кўра қулупнай етиштириб, бозорга чиқариш осонроқ экан. Даромад эса ўн баравар кўп.
Шунинг учун қулупнай етиштира бошладик, - дейди у. – Бир сотих ердан ҳар икки-уч кунда бор-йўғи беш кило қулупнай олинади, Янги йил байрами арафасида унинг килосини 300 минг сўмдан сотдик. Йилдан йилга иссиқхоналаримизни кўпайтириб боряпмиз. Бугунги кунда ҳовлимизда 3 сотихлик иссиқхона бор. Ўтган йилги ҳосилдан “Дамас” сотиб олдик. Уйни таъмирладик, рўзғор ўтяпти. Бу йил эса тўй қилмоқчимиз.
Маҳаллада 658 та оила бўлиб, уларга қарашли томорқа майдони жами 32 гектарни ташкил қилади. Ҳовлисидаги бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланаётганларга фермер хўжаликлари ҳудудидан ҳам ер ажратиляпти. Маҳалла фаоллари тавсияси билан Латофатга ҳам 15 сотих ер ижарага берилди. Қаҳрамонимиз келгусида бу фаолиятни янада кенгайтириш истагида.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Феруза МАМАТҚУЛОВА,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).