Қумда ётиб қандай дардлардан фориғ бўлиш мумкин?

Псаммотерапия даволаниш усули ҳақида эшитмаган бўлишингиз мумкин. Аммо бу бизга бутунлай ёт бўлган тушунча эмас. Псаммотерапия бу қум билан даволаш усули. Табиий унсур саналган қум ўзида жуда кўп ноёб шифобахш хусусиятларни акс эттиради.
Ушбу мақолада биз қуйидаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз: "Қайси ҳолларда псаммотерапияга мурожаат қилган маъқул?", "Қум билан даволаш қандай ҳолларда тавсия этилмайди?", "Псаммотерапия болалар учун қанчалик фойдали?". Келинг, псаммотерапия сирини очиб берайлик.
Псаммотерапия
Қадимги Мисрда қум даволаш воситаси сифатида қўлланилган. "Псамос" сўзи ҳам юнончада "қум" маъносини билдиради. Псаммотерапиянинг асосий хусусияти қумнинг гигроскопиклиги, яъни иссиқликни узоқ вақт ушлаб туриши ва уни аста-секин инсон танасига чиқариш қобилиятида. Агар ушбу қум минераллар билан бойитилган бўлса, янада фойдали.
Қум билан ишлов беришга қуйидаги ҳолларда мурожаат қилиш тавсия этилади:
Таянч ҳаракат тизими муаммоларида (айниқса жароҳатлардан сўнг);
Аёллар репродуктив касалликларини даволашда;
Бўғим касалликларида;
Асаб тизимини даволашда;
Нафас олиш тизимининг касалликларида;
Псаммотерапия муддати, давомийлиги ва тартибини белгилашда албатта шифокор назорати зарур.
Даволаш шифокор кўрсатмаси асосида бажарилганда организмда қон айланиши фаоллашади ва метаболик жараёнлар яхшиланади. Терлашнинг кучайиши, яллиғланишга қарши ва тинчлантирувчи таъсири саломатлик учун фойдали.
Ўзингиз ҳам ўйлаганингиздай, ҳар қандай тиббий муолажада ҳам тавсия этилмайдиган чекловлари бўлади.
Қуйидаги ҳолларда псаммотерапияга йўл қўйилмайди:
- сил касаллиги, ҳаддан ташқари нимжонлик-силласи қуриганда, юқумли касалликларда, хавфли ўсмаларда, гипертония, атеросклероз, эпилепсия каби касалликларда қиздирилган қум муолажалари қатъиян мумкин эмас.
Эркин даволаниш
Агар сиз қумли қирғоқда табиий псаммотерапия олишга қарор қилсангиз, унда шифокорнинг қатъий назорати талаб этилмаса ҳам бир қатор қоидаларга амал қилишингиз зарур.
Муолажани қуёш нурлари фаоллиги пасайганда, яъни куннинг иккинчи ярмида амалга оширинг. Бундан ташқари, бир неча кун кетма-кет қум ваннаси қабул қилинганда, учинчи кун танаффус қилиш тавсия этилади. Псаммотерапия курси одатда 14-15 муолажадан иборат.
Қум қуруқ ва ўртача иссиқ бўлиши учун қум 60 даража иссиққача қиздирилиши керак. Бош қисмингизни юзингизни соябон остида тутиб, қумдан тайёрланган ўрнингизга чалқанча ётишингиз мумкин. Бирор кишидан қорин қисмини 1-2 см. қалинликда, тананинг бошқа қисмларини эса 5-7 см. қалинликдаги қум қатлами билан ёпишни сўрайсиз. Юрак ва бош соҳаси албатта очиқ қолдирилиши керак. Пешонангизга нам сочиқ ёпиб олишни унутманг ва қулайлик учун бош остингизни қум сатҳидан баландлатинг, ёстиқ қўйинг. Бош қумда бўлмаслиги керак. Жараён болалар учун 15, катталар учун 30 дақиқадан ошмаслиги мақсадга мувофиқ.
Муолажадан сўнг дарҳол сувга тушиш, муздек сув ичиш мумкин эмас. Илиқ сувда енгил ювиниш ва организмни секинлик билан совутиш учун сояда ярим соат дам олиш тавсия этилади.
Болалар саломатлигида қумли муолажанинг ўрни
Ҳамма болалар қумлоқда, қумли майдончада вақт ўтказишни яхши кўради. Бундай ўйинларнинг болаларнинг психо-эмоционал ривожланишига ижобий таъсири бор. Болаликда қумда ўйнаш одатий ҳодисадек туюлиши мумкин, аммо бу руҳий зўриқиш ва тушкунликдан халос бўлишга, боланинг тасаввури ва мустақиллигини ривожлантиришга ёрдам беради.
Қум ўйнаш орқали бола ўзини намоён этиш билан бирга ўз-ўзини ривожлантириш имкониятига ҳам эга бўлади.
Д.Холиқова тайёрлади.