Қурилиш ишларини вахта усулида амалга ошириш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори билан (636-сон, 09.10.2020 й.) Узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг вахта усули тўғрисидаги низом тасдиқланди.

🔰Вахта усули қурилаётган объектлар корхонадан узоқ масофада жойлашган шароитда ишларни меҳнат ресурсларидан фойдаланиш асосида ташкил қилиш шакли ҳисобланади.

🕔 Ташкилот жойлашган жойдан иш жойигача етиб олиш ва у ердан қайтиш учун ходимлар 3 соатдан кўпроқ вақт сарфлайдиган бўлса ёки фавқулодда вазиятларда, ташкилотларнинг раҳбарлари ишлар вахта усулида бажарилишини ташкил этишга ҳақли.

🤝 Ишларни вахта усулида ташкил этиш ҳақидаги қарор касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан қабул қилинади.

🚶‍♂️Ходимнинг вахтага жўнатилиши хизмат сафари ҳисобланмайди.

👉 Вахтанинг давомийлиги бир ойдан ошмаслиги лозим.

👉 Вахта ходимлари объектда бўлган даврда махсус ташкил қилинадиган вахта шаҳарчаларида истиқомат қилади.

👉 Вахта усулида бажариш учун мўлжалланган ишларнинг аниқ ҳажмлари ва турлари пудратчи ҳамда буюртмачи томонидан қурилишни бажариш учун пудрат шартномаси тузилаётганда, субпудратчи ташкилотлари учун эса субпудратчи шартномаси тузилаётганда белгиланади.

👉 Вахта усулида бажариладиган ишларга 18 ёшга тўлмаган ишчи ва хизматчилар, ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган фарзандлари бўлган аёллар жалб қилинишига йўл қўйилмайди.