Қурилиш учун ер ажратишда нега тартиб йўқ?
Самарқанд вилояти ҳокимлигида туман (шаҳар)ларда юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолияти юритиш учун ер майдонлари ажратишда мавжуд қонунчилик талабларига нечоғли риоя этилаётганлигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Уни вилоят ҳокими Э.Турдимов олиб борди.
Таъкидландики, бу борадаги аҳвол таҳлил қилинганда ҳақиқий ҳолат талабга жавоб бермаслиги аниқланган. Бунга асосий сабаб - шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда ҳокимликлар ҳузуридаги ер участкаларини эгалик килишга, фойдаланишга, ижарага бериш ва мулк килиб бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссия аъзолари тадбиркорлик объектлари қурилиши учун ер участкалари ажратиш тартибини мукаммал билмайди. Шу билан бирга Ер кодексининг 34-моддасига кўра, ушбу комиссиялар таркибига киритилиши белгиланган давлат органлари вакиллари нотўғри шакллантирилган.
Энг ёмони, ташаббускорлар томонидан ажратилиши сўралган ер майдонини комиссия аъзолари жойига чиқмаган ҳолда, танланаётган ҳудудни атрофлича ўрганмасдан, комиссия раиси ва аъзолари иштирокида муҳокама қилмасдан хулоса бериш, шунингдек, тадбиркор томонидан ер танлаш ҳужжатларини у ташкилотдан бу ташкилотга сарсон бўлиб, комиссия аъзоларининг иш жойларига бориб, имзоларини йиғиш каби салбий ҳолатлар учрамокда. Бу борада, ҳатто, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги 63-сон қарори билан тасдиқланган “Ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бериш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари қўпол равишда бузилмоқда. Оқибатда давлат ёки жамоат эҳтиёжи учунгина берилиши керак бўлган ерлар, сувли майдонлар тадбиркорларга қурилиш учун ажратилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Масалан, Тойлоқ туманида “Деҳнов бетон JBZ” масъулияти чекланган жамиятига балиқчилик ташкил этиш, темирбетон ишлаб чиқариш ва тошни қайта ишлаш цехи қурилиши учун 5 гектар, Паст Дарғом туманида тадбиркор Шомурод Ҳайитовга нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчаси қурилиши учун 0,06 гектар ер майдони ажратишда шу каби камчиликларга йўл қўйилган.
Йиғилишда вилоят ҳокими бу муаммоларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик мақсадида қуйидаги тизимда иш юритилиши зарурлигини таъкидлади:
Биринчидан, вилоят адлия, ер ресурслари ва давлат кадастри, қурилиш бош бошқармалари мутахассислари иштирокида жойларда тадбиркорларга ер майдони ажратиш тартибини белгиловчи қонун ва қонуности ҳужжатларнинг мазмуни-моҳиятини комиссия аъзолари ва аҳолига кенг тушунтириш бўйича семинарлар ўтказсин.
Иккинчидан, барча шаҳар ва туманлар ҳокимларига Ер кодексининг 34-моддасига асосан ҳокимлик ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссия таркибини қайта тузиши зарур. Комиссия раиси эса шахсан туман, шаҳар ҳокими бўлиши шарт.
Учинчидан, комиссия аъзолари ташаббускорлар томонидан қурилиш учун ажратилиши сўралган ер майдонини жойига чиқиб, ҳудудни атрофлича ўрганиб чиқиши ва натижаси бўйича ҳужжатларни Шаҳарсозлик кенгашига юборади. Шаҳарсозлик кенгаши маъқуллаган таклифлар ҳар ҳафтанинг маълум бир куни мунтазам равишда ўтказиладиган комиссия йиғилишида муҳокама қилинади, далолатнома имзоланади. Тадбиркорни қўлига далолатномани бериб “Имзони йиғ”, деган кўрсатмаларга чек қўйилади.
Тўртинчидан, қурилиш мақсадлари учун қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонлари танлаш лозим. Ҳудудлардаги бўш турган бино ва иншоотлар, уларнинг фойдаланишидаги бўш ер майдонлари, илгари ажратилган, лекин бугунги кунгача самарали фойдаланилмасдан турган бўш ер майдонларини аниқлаш ва ҳокимлик захирасига олиш ва ушбу ер майдонларини қурилиш учун ажратиш ҳисобига суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларини ажратилишига чек қўйилади.
Бешинчидан, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларидан қурилиш мақсадлари учун ажратиш зарур бўлган ҳолларда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг хулосалари олиниб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилгандан сўнг, вилоят ҳокимлиги томонидан қарор қабул қилиниши юзасидан белгиланган тартибга қатъий амал қилинади.
Олтинчидан, бундан кейин вилоятда қурилиш мақсадлари учун ер майдонлари танлаш ва ажратиш билан боғлиқ шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш масалалари билан битта малакали мутахассис шуғулланади. Бу ишга вилоят қурилиш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Сайфиддин Нарзиқуловни масъул этиб белгиладик ҳамда вилоят ҳокимлигида алоҳида хона ажратилди. С.Нарзиқуловнинг иш телефон рақами – (0366) 235 59 66. Тадбиркорларда қурилиш мақсадлари учун ер майдонлари ажратилиши билан боғлиқ саволлар бўлса, ушбу телефон орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Йиғилиш сўнгида Э.Турдимов берилган топшириқлар ижросини бажармаган, тадбиркорларнинг оворагарчилигига ва қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган масъулларга нисбатан интизомий, маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилишини алоҳида таъкидлади.