Ер амнистиясида ҳозиргача қанча фуқаро мулк ҳуқуқига эга бўлди?

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 апрелдаги "Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида"ги фармони қабул қилинганди. Мазкур фармон асосида 2018 йил 21 июнда Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Қарор билан тасдиқланган низомга мувофиқ, 2019 йил 1 майгача ўзбошимчалик билан қурилган тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси ўтказилмоқда.

Хўш, мазкур акция доирасида ўзбошимчалик билан қурилган тураржойга мулк ҳуқуқини эътироф этиш талаблари, рад этиш сабаблари ва натижалар қандай? Шу каби саволлар билан вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи Содиқ ҲАКИМОВга мурожаат қилдик. 

- Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун туман ва шаҳарларда комиссиялар тузилган, - дея гап бошлади С.Ҳакимов. - Улар ариза келиб тушгандан сўнг 3 иш кунида жойига чиққан ҳолда ўзбошимчалик билан қурилган иморатни ўрганиб хулоса беради. 

Мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат комиссия аъзолари ўзбошимчалик билан қурилган тураржой ҳақиқатда уй-жой қуриш учун мақбул ерда жойлашганлиги, унинг майдони, сифат тавсифлари, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер эканлигига эътибор қаратилади. Шунингдек, объектларнинг муҳофаза зоналарига кирмаслиги, шаҳарсозлик нормаларига мос келиши, қонунга зид эмаслиги, инсон саломатлигига хавф солувчи майдонда жойлашмаганлиги, солиқ тўловлари, доимий рўйхатда туриш манзиллари ҳам ўрганилади.

Вилоятимизда 71 мингдан ортиқ ноқонуний қурилишлар аниқланган бўлса, апрель ойининг биринчи ярмига қадар фуқаролардан 56 минг 51 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 8029 тасига ҳудудий комиссия томонидан ижобий хулоса берилиб, кадастр йиғмажилдлари тайёрланиб, умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан давлат рўйхатидан ўтказилди. Вилоят ҳудудлари кесимида ўрганадиган бўлсак, энг кўп мурожаат Ургут (9109), Оқдарё (6237) туманларида, Самарқанд шаҳрида (5676), Иштихон (5164), Самарқанд (4743), Паст Дарғом (3770)  туманларида қайд этилган. Энг кам мурожаат Каттақўрғон шаҳри (1121), Булунғур (1517),  Нуробод ва Нарпай туманлари (1414) дан бўлди.

Кўрсаткичлари паст бўлган туманларда ноқонуний қурилмаларнинг эгалик ҳуқуқини эътироф этиш бўйича кўчмас мулк эгаси томонидан кам сонли мурожаатлар бўлганлиги туфайли мулк ҳуқуқи бериладиган хонадонлар кўп кузатилмаяпти. Чунки ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган мулк эгаси томонидан мурожаат бўлмаганда унинг мулки эътироф этилмайди. Комиссия ишчи органи мурожаат этувчи бир марталик йиғим тўлагандан кейин 2 кунда комиссия раиси далолатномаси асосида мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақида қарор тайёрлаб, туман, шаҳар ҳокимига тақдим этади.

- Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар бўйича меъёр, чегара белгиланганми?

- Ер кодексининг 27-моддасида "Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар бир оилага 0,06 гектаргача ер участкалари берилади.

Якка тартибда уй-жой қуриш учун 0,04 гектаргача доирада ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган тартибда ким ошди савдоси асосида реализация қилинади".

- Ўрганишлар давомида мулк ҳуқуқи эътироф этилганлардан кўра рад этилганлари кўпроқни ташкил этмоқда. Бунинг сабаби нимада?    

- Ҳозиргача вилоятимизда 653 мингта турар ва нотурар объектлар тўлиқ хатловдан ўтказилди ва 71 мингдан ортиқ давлат рўйхатига олинмаган объектлар аниқланиб, ҳудудий "Ермулккадастр" давлат корхонасининг "Кўчмас мулк-3" электрон ахборот алмашиш дастурига киритилди.

 Ўзбошимчалик билан қурилган объектларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича қилинган мурожаатларнинг 8800 га яқини низом талабларига мос келмаганлиги туфайли рад этилган. 6533 та мурожаат бўйича фармонда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдоридаги тўловлар ҳудудий давлат хизматлари марказига тўланмаган.

Агарда ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар аҳоли пунктларининг бош режасига зид равишда жойлашган бўлса, магистрал қувурлар, темир йўл ва автомобиль йўллари, электр ва алоқа линиялари қўриқланадиган муҳофаза зоналари яқинида жойлашган биноларга мулк ҳуқуқи берилмайди. Шунингдек, сув муҳофаза ва санитария-ҳимоя зоналарида, аэродромлар, чиқиндилар ва бошқа заҳарли моддаларни кўмиш жойлари яқинидаги иморатлар ҳам эътироф этилмайди. Қонунан қурилиши тақиқланган табиий ҳудудлардаги, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказса ёки фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирган иморатларга нисбатан ҳам мулк ҳуқуқи берилмайди. 

- Айрим туманларда фермер хўжалиги тасарруфидаги ерларни ғайриқонуний йўллар билан эгаллаб олиб, уй-жой қурган ва шу ерда яшаётганлар бор. Акция доирасида уларнинг мулклари эътироф этиладими?

- Жисмоний шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, узлуксиз фойдаланилаётган ер участкалари бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузмаса ёки фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса қонун доирасида кўриб чиқилади. Фуқаро ўзбошимчалик билан қурилган иморатга ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган  бўлса, "Ер тўғрисида"ги қонун (1990 йил 20 июнь) қабул қилингунга қадар якка тартибда уй-жой қуриш, шахсий ёрдамчи хўжалик юритиш учун фойдаланилаётган иморатлар ва ер участкасига ҳуқуқларни белгиловчи ҳужжатлар сақлаб қолинмаган тақдирда иморат жойлашган ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжалик юритиш учун фойдаланилаётган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган иморатларга "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги қонунда белгиланган меъёрлар доирасида эгалик ҳуқуқи берилади. 

 Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ

суҳбатлашди.