Қутуриш бедаво касалликми?
Равшан САЛОМОВ,
Каттақўрғон тумани.
– Қутуриш оқибати ўлимгача олиб келувчи марказий асаб тизимининг шикастланишини кучайтирувчи ўткир касаллик ҳисобланади. У қутурган ҳайвонларнинг тишлаши ёки юқумли вирус сўлаклари орқали юқади. Касал ҳайвонларнинг ташланиши ҳар доим ҳам касаллик олиб келмайди, аммо хавф доимо мавжуд бўлади, чунки унинг вируси инсондан инсонга юқади. Тери қопламаларининг шикастланиши орқали инсон организмига ўтгандан сўнг, қутуриш вируси нерв толалари бўйича асаб тизими марказига етиб келади. У бош ва орқа мияда жиддий ўзгариш келтириб чиқаради.
Замонавий тиббиётда ҳануз қутуришга қарши даво топилгани йўқ. Аммо унинг олдини олиш, яъни қутурган ҳайвон тишлаган одамни касалликдан батамом сақлаб қолиш мумкин.
Ҳар йили 16 февралдан 16 мартга қадар мамлакатимизда "Ҳайвонларнинг қутуриш касаллигига қарши кураш ойлиги" ташкил этилиши ўз самарасини бермоқда. Шу боис сўнгги йилларда ҳайвонлар ўртасида қутуришга чалиниш ҳолатлари кескин камайди.
Вилоятимизда ойлик давомида мавжуд 434 та зооветеринария пункти мутахассислари томонидан аҳоли хонадонларида ит, мушук ва бошқа уй ҳайвонларини сақлаш қоидалари тарғиб қилиниб, мавжуд 260 минг бошдан зиёд ит қайта рўйхатдан ўтказилди. Эмлаш учун 105 мингдан ортиқ вакцина келтирилди. Вилоят бўйича 47 минг 300 бош уй жониворлари эмланиб, 34 минг 730 тасига гувоҳнома берилди. Ҳозирда ҳам шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ходимлари қаровсиз жониворларни тутиш ва йўқ қилиш чораларини кўрмоқда.
Ушбу касалликнинг белгилари сезила бошлаганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиниши керак. Ўз вақтида профилактика қилинса, қутуришнинг олдини олиш мумкин.
Элмурод ТОШМУРОДОВ,
вилоят ветеринария бошқармаси бошлиғи.