Раҳматобод маҳалласида газ таъминоти яхшиланди

Жорий йилнинг  5 январь куни Самарқанд шаҳар, Раҳматобод маҳалласи Жар Ариқ кўчасида яшовчи аҳоли газ босими пастлиги ҳақида  @zarafshonbot‘ электрон манзилимизга мурожаат йўллаган эди.

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ахборот хизмати берган маълумотга кўра, муаммо жойида ўрганилган.

Унда билдирилишича, 2021 йил 4 январдаги "Муборакнефтгаз" нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг бешта конида электр энергияси билан боғлиқ муаммоли ҳолат юзага келиши оқибатида газ ишлаб чиқариш жараёнлари авария бартараф қилингунга қадар тўхтатилганлиги, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши билан газ истеъмолининг икки ҳиссага ортиши, кўп қаватли уйларда иситиш тизимининг ишламаслиги ва бошқа бир қатор омиллар сабаб, Самарқанд шаҳридаги газ тармоқларининг сўнгги нуқталарида жойлашган хонадонларда табиий газ босимининг пасайиб кетиши кузатилган.

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти Самарқанд шаҳар филиали ходимлари бу каби ҳолатлар ҳамда Раҳматобод маҳалласи Жар ариқ кўчасида газ таъминоти бўйича келиб чиққан муаммони бартараф этиш юзасидан зарур ишларни олиб борди. Жумладан, маҳалладаги газ тақсимлаш қутилари қайта техник текширувдан ўтказилди. Айни пайтда ушбу кўчада газ таъминоти яхшиланди.