Рамазон "11 ой йиғ, 1 ой е" дегани эмас?

Кеча бир хонадона ифторликда қатнашдим. Дастурхонда одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса бор, ҳаммаёқни тўлдириб ташлашибди. Маҳалладошларнинг суҳбатимизда гап айланиб исрофдан очилди. Шунда мен ҳам ўз фикримни билдириб, “ношукурлик бўлмасин-у, мана шу дастурхонда ҳам керагидан кўп нарса қўйишибди. Бунақа ҳолатларда, барибир, исрофга йўл қўйилади. Рамазон ойида ўтказиладиган ифторликда дабдабали ёки ҳаддан кўп нарса қўйиб дастурхон туза деган жойи йўқ” дедим.

Ёши катта маҳалладошимиз бу гапларимга эътироз билдирди:

– Йўқ, адашдинг, ука. Рамазон  шундай ойки, йил давомида йиғилади, бир ойда ейилади. Ҳатто ота-боболаримиз ҳам  "11 ой йиғ,  1 ой е" дейишган.

Бу гап асоссизлигини тушунтирмоқчи бўлиб гап бошлаганимда ёнимизга қишлоғимиздаги масжид имом ноиби келиб ўтирди ва домлага баҳслашиб турган мавзумиз ҳақида савол бердим.

– Рамазон ойи шундай  ойки, ҳеч қачон "11 ой йиғ, 1 ой е" деб тарғиб қилинмайди – деди ноиб. – Аксинча, иссиқ ва узун кунларда рўза тутилиб, оч юрилиб, бу билан киши ўзининг сабрини, бардошини тоблайди. Руҳий тарбия олади. Бунда саҳарликда ҳам, ифторликларда ҳам "куни билан оч юраман" деб бўкиб овқатланилмайди. Овқат меъёрида ейилади. Исрофгарчиликларга йўл қўйилмайди. Чунки, сиз исроф қилаётган нарсага нафақат дунёнинг турли бурчакларида, балки юртимизда, ҳатто маҳалламизнинг ўзида ҳам зор бўлиб юрганлар бор. Шундай экан, саҳарлик ва ифторлик дастурхонини тузашда ҳаддан ошилмайди. Исрофга йўл қўйилмайди. Уруш ва ундан кейинги қийин замонларда ота-боболаримиз Рамазон ойида ҳам дастурхонга тузукроқ нарса қўя олмаганлар. Саҳарлик ва ифторликлари асосан, озгина ўлчовли нон ва сувдан иборат бўлган. Ана ўшанда Рамазон ойида нон ва сувнинг ёнига нимадир қўшиб еб, шундан сўнг кимлардир "11 ой йиғ, 1 ой е" деб ҳазиллашиб ёки киноя қилиб гапирган бўлиши мумкин. Чунки, Рамазон ойи муносабати билан уларнинг дастурхонлари нон ва сувдан ортиб оби-ёвғонни ҳам кўрган.

Бугун одамлар нон ва сувга қараб қолгани йўқ. Энди, ота-боболаримиз аввалари нафақат Рамазон ойида, балки бошқа пайтларда кўрмаган ноз-неъматлар, бизнинг кундалик егулигимизга айланди. Рамазон ойида ўша ноз-неъматлар ёнига яна нималарнидир қўшиб, исрофгарчиликка йўл қўйиб "11 ой йиғ, бир ой е" дейиш ёки шу тахлит иш кўриш бу ҳаддидан ошиб, исрофгарчиликка йўл қўйиш бўлади. Динимиз эса ҳар қандай исрофгарчиликни қоралайди. Яна бир гап, кўпчилик исрофгарчилик деганда дастурхонда ортиб қолган овқатни  тушунади. Аслида эса қорин тўйгандан кейин ейилган ҳар қандай таом ҳам исроф қилинган таомга киради. Чунки қорин тўйганидан кейин ейилган овқат киши организмига зарардир.

Яқинда ўқиб қолдим, кишининг ошқозони тўйгани ҳақидаги сигнални мияга 15 минутдан кейин юборар экан. Буни ўзимда синаб кўрдим. Қорним тўймасидан овқатланишни тўхтатдим. Орадан 15-20 минут ўтиб мен ўзимни худди бироз олдин қорним тўйиб овқат егандай ҳис қилдим. Буни ҳикматини ўйлаб Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг яна бир суннатлари эсимга тушди. У зот ҳар доим қоринлари тўймасдан таомланишни тўхтатганлар ва бошқаларга ҳам шуни тавсия қилганлар. Шундай экан, дастурхонга керагидан кўп нарсани қўйиш ҳам, қорин тўйганидан кейин яна овқатланиш ҳам исроф ҳисобланади.

Шу тариқа ноиб домла ифторлик вақтигача бизга исрофгарчилик ва овқатланиш одоби ҳақида анча-мунча нарсаларни гапириб берди.

Ноиб домла гапирар экан, даврадошларим "тўғри, тўғри" деб тасдиқлашар эди. Бояги одам эса индамай турар эди. Назаримда, у ҳам яхшигина "дарс" олди.

Ғайрат Йўлдош.