Ранглар қўрқувлар ҳақида нималарни ошкор қилади?
Психологлар йиллар давомида одамларнинг қайси рангларни афзал кўриши ва онг ости ташвишлари ўртасидаги боғлиқликларни ўрганиб келмоқда. Аниқланишича, бизни ўраб турган ранглар ўзимиз хабардор бўлмаган чуқур қўрқувларни акс эттирар экан.
Мисол учун, кўк рангга бўлган майл кўпинча тартибсизлик қўрқувини ниқоблайди. Бу рангни танлаган одамлар барқарорлик ва назоратни излайди, чунки улар болалик даврида кўчиб ўтиш, ота-она ажралиши ёки молиявий қийинчиликлар каби кескин ўзгаришларни бошдан кечирган бўлиши мумкин. Кўк ранг тартиб иллюзиясини яратиб, уларни тинчлантиради. Аммо бунинг ортида одатий дунёнинг қулаб тушиш қўрқуви ётади.

Қизил - эҳтирос ва куч-қудрат ранги, бу ранг ожизлик (нотавонлик)дан қўрққанлар томонидан танланади. Ҳақиқий ҳаётда етишмайдиган ёрқин оҳанглар куч ва энергия билан боғлиқ. Масалан, мактабда ёки ишда хўрланишни бошдан кечирган киши онгсиз равишда ўзи ва бошқаларни ишонтириш учун қизил рангга интилади. Шунингдек, бу ранг заифлик ёки қарамлик қўрқувини ҳам очиб беради. Бундай одамлар кўпинча заифлигини билдириб қўйиши мумкин бўлган ҳолатлардан қочиб, ўзини ишга кўмиб ташлайди.

Яшил ранг уйғунликни англатади, аммо унинг мухлислари таҳқирланиш қўрқувини яширишлари мумкин. Ўзларини бу ранг билан ўраб олганлар, ўз хоҳиш-истакларини четга суриб қўйиб, биринчи навбатда бошқаларни хурсанд қилишга шошилади. Улар рад этилиш ёки масхара бўлишдан қўрқиб юради. Мисол учун, яшил кийим кийган одам онгсиз равишда атрофидаги дунё билан уйғунлашишни истайди. Бу, айниқса, ўтмишда таъқиб ёки танқидни бошдан кечирганларда сезилади. Яшил ранг улар учун ўзларининг индивидуаллигини яширадиган қалқонга айланади.

Сариқ ранг қувонч билан боғлиқ, лекин уни севадиганлар кўпинча ёлғизликдан қўрқишади. Қуёшли соялар доимий эътибор зарурлигини яширади ва ички бўшлиқ ўрнини тўлдиради. Бундай одамлар даврани қизитади, лекин жимликда ташвишланишдан азоб чекади. Сариқ рангини ёлғиз қолиш ёки хиёнатдан қўрққанлар танлайди. Мисол учун, боғчадан ўз вақтида олиб кетилмаган бола катта бўлгач, онгсиз равишда ўз қўрқувларини "ёритиб қўйишга" ҳаракат қилиб яшайди.

Қора - энг сирли ранг. Унинг мухлислари дахлсиз бўлиб кўринишга интилади, аммо бунинг ортида фош этилиш қўрқуви ётади. Улар қора ранг бегона кўзлардан ҳимоя қилиб, масофани яратади, деб ўйласа ажабмас. Бу рангни афзал кўрган одамлар кўпинча танқид ёки танбеҳдан қўрқишади. Мисол учун, ташқи кўриниши ҳақорат қилинган ўсмир ўз ишончсизлигини яшириш учун фақат қора кийим кийишни бошлаши мумкин. Қора ранг шунингдек, ички дунё ва воқелик ўртасидаги тўсиқ сифатида ишлатилади.

Оқ рангни ҳам ўзига, ҳам бошқаларга ҳаддан ташқари юқори талаблар қўйиб, мукаммалликка интиладиган перфекционистлар танлайди. Уларнинг энг катта қўрқуви хато қилишдир. "Тоза фонда" ҳар қандай хатолик сезилиб қолиниши туфайли оқ ранг қийин қарорлардан қочишнинг бир усулидир. Бундай одамлар танқидни тўғри қабул қила олмайди, улар муваффақиятсизликдан қўрқиб, муҳим қарорларни кейинга қолдириши мумкин. Мисол учун, йиллар давомида иш жойини ўзгартиришга ботинолмаган киши онгсиз равишда ўзини оқ нарсалар билан ўраб олади, бу эса унга ўз ҳаётини назорат қилиш иллюзиясини яратади.

Бинафша рангни яхши кўрадиганлар кундалик ташвишлардан қўрқади. Бу ижодкорлар ва хаёлпарастларнинг ранги, улар кўпинча "бошқалардек" бўлишни ҳоҳламайди. Бинафша рангни танлаган одамлар зерикарли кундалик ҳаётни саргузаштларга бой қилишлари ёки шерикларини ўзгартиришлари мумкин. Уларнинг вазифаси - ўзига хослигини йўқотмаслик ва оломон ичида аралашиб кетмасликдир.
***
Ушбу объектив қонуниятларга асосланган фактларни билиш нафақат қўрқувларни тушунишга, балки уларни енгишга ёрдам беради. Мисол учун, агар сиз қизил рангни яхши кўрсангиз-у, лекин нотавонликдан қўрқсангиз, вазифаларни олға суриш, ёрдам сўрашни ўрганиш каби кичик қадамлардан бошланг. Яшил ранг мухлислари рад этилиш қўрқувини енгиш учун, "йўқ" дейиш амалиётини амалда қўллашни йўлга қўйиши лозим.
Ранглар онг ости эшигининг калитидир ва улардан фойдаланиш орқали сиз қўрқувларингизни ўсиш нуқталарига айлантиришингиз мумкин.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.