Рақс даврада елкани қимирлатиб туриш эмас. Унда истеъдод, ҳис-туйғулар, санъат мужассам

Рақс -  санъат.  Бу санъат туйғуларни ҳаракат ва ҳолатларда, имо-ишораларда ифодалайдики, ҳайратланмай илож йўқ. Оддий ҳаракатларга жон бахш этиб, бадиий образ яратиш орқали рақс асари яралади.

“Қишлоқ қизи рақс тушиши мумкин эмас”

Отам шифокор, онам ўқитувчи. Раққоса бўлиб камол топишимда онамнинг ўрни катта. Болалигимда қишлоғимизда фақат бизнинг уйимизда телевизор бўларди. Қўшниларимиз ҳар кечга йиғилиб, теледастурлар томоша қиларди. Агар қўшиқ бўлиб қолса борми, дарҳол рақсга тушишдан ўзимни тия олмасдим. Онам мендаги истеъдодни сезиб, Жума шаҳри маданият уйига рақс тўгарагига берди. У ерда Замира опа Мирзаевадан рақс сирларини ўргандим. Онам дадам ва акамдан яшириб, танловларга олиб борарди. 9-синфда Мукаррама Турғунбоева номли рақс кўрик-танловининг  вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаб, Самарқанд санъат техникумига имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиндим. Аммо...

Техникумда бор-йўғи бир ҳафта ўқидим. У вақтлар рақс, раққосалар ҳақида одамларнинг, айниқса қишлоқ одамларининг фикри ўзгача эди. Акам авлодимизда раққосалар бўлмаган деб, ўқишга рухсат бермади. Амма-холаларим ҳам бунга қаршилик қилишди. Йиғлаб, яна қишлоғимга қайтдим.

Барибир раққоса бўламан...

Мақсад сари доим олға қадам ташлаш керак, дея онам мендаги истак сўнишига йўл қўймасди. Қаршиликларга қарамай Ўзбекистон хореография олий мактабига ҳужжат топшириш учун бордим.  Олий мактабда санъатга ихтисослашган мактабларни битирган ўқувчилар қабул қилинар экан. Қабул комиссиясида ўтирган Қундуз Миркаримова, Юлдуз Исматова, Гули Ҳамроева, Эркиной Саидова каби устоз-раққосалар мендаги истеъдодни кўриб, Маданият вазирлигига хат қилишини айтди. Ва мен профессионал рақс сирларини ўрганиш учун олий мактабга қабул қилиндим.

2007 йил ўқишни тугатиб, Самарқанд ихтисослашган санъат мактабида ишлай бошладим. 2008 йилда вилоят ҳокими ташаббуси билан Самарқандда илк “Суғдиёна” миллий рақс ансамбли ташкил этилди. Унга Сирдарёдан балетмейстер Ойша Айтбагамбетовани шартнома асосида ишлашга таклиф этдик. У киши билан бирга кўплаб мусиқий асарларга рақс саҳналаштирдик. Телевизор ва катта саҳнадаги ижроларимни кўриб, ҳамқишлоқларим ҳам рақс санъатига бўлган муносабатини ўзгартирди. Ҳатто, рақс сирларини ўргатиш учун фарзандларини олдимга олиб келишарди.  Рақс – сўзсиз ижро, ҳис туйғулар эканлигини, кишилар рақсни томоша қилиб ҳаётни англашини ижроларимда кўрсатдим.

Самарқандда ҳам рақс мактаби ташкил этиш керак

Бугун вилоятимизда бор-йўғи иккита рақс ансамбли фаолият юритади. Бири 2015 йилда Самарқанд санъат коллежи қошида 22 кишидан иборат ташкил қилинган “Афросиёб” рақс тўгараги бўлса, иккинчиси Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлими қошидаги  “Таманно” рақс ансамбли. Менимча, бизда ҳам рақс мактабларини ташкил этиш вақти келди. Бундай дейишимга сабаб бор. Олдинги йиллар коллежимизга 4 ўқувчи рақс санъатини ўрганиш учун келган бўлса, сўнгги икки-уч йилда улар сони 12 нафардан ошди. Ота-оналарнинг ўзлари фарзандини етаклаб, рақс сирларини ўргатишимни илтимос қилиб келишяпти. Демак, бугун одамларнинг фикри ўзгарди. Рақс мактаблари орқали эса, профессионал раққосаларни тайёрлашимиз, тадбирларни ўтказишда улар имкониятидан фойдаланишимиз мумкин. Шунингдек, чет эллик сайёҳларда миллий рақс санъатимизни намойиш қилиш имконияти ҳам туғилади.

Рақс нафақат санъат, балки саломатлик дегани ҳам

3-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида “Афросиёб” болалар рақс дастасини  ҳам ташкил этганман. 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар рақсга тушишни ўрганади. Аксарият ота-оналар болалари саломатлигини мустаҳкамлаш учун уларни тўгаракка олиб келади. Машғулотларни беш усулда олиб бораман: гимнастика, классика, йога, доира ва рақс. Рақс ҳаракатлари қоматни чиройли қилади, бўғин ва суяк касалликларини даволашда фойдали. Кайфиятни кўтаришда ҳам рақсга тенг келадигани йўқ. Болаларнинг ота-оналари ҳам машғулотларни кузатиш жараёнида уларнинг кайфияти кўтарилганлигини алоҳида таъкидлашади.

Чарос ИБРАГИМОВА,

Самарқанд ихтисослаштирилган санъат мактаби ўзбек рақси бўлими ўқитувчиси.