Рассомлар Беҳбудий сиймосини яратди

Пойтахтимиздаги Марказий кўргазмалар залида Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур кўргазма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 декабрдаги “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Бадиий кўргазмалар дирекцияси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан 2025 йил февраль ойида “Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижоди, шунингдек, Туркистон жадидлик ҳаракати намояндаларининг фаолиятига оид тасвирий санъат асарларини яратиш” мавзусида ижодий танлов эълон қилинган эди. Мазкур кўргазма танловга тақдим этилган санъат асарларидан ташкил этилди.
Танловнинг бош ғояси – миллий уйғониш тарихида ўзига хос ўринга эга бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий сиймоси ва жадидлик ҳаракати фидойиларининг маънавий меросини тасвирий санъат воситасида ифодалаш, маърифат, тафаккур ва эркинлик ғояларини замонавий бадиий тилда қайта талқин қилишдан иборат.
Кўргазмада танлов доирасида 16 дан ортиқ таниқли ижодкорлар томонидан яратилган 40 дан зиёд тасвирий санъат асари ҳамда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи фондидан олиб келинган 7 та ноёб асар кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди. Кўргазма-танловдан Ўзбекистон халқ рассоми Собир Раҳметов, истеъдодли мусаввирлар – Чоршанби Шамсиев, Сардор Аллаберганов, Темур Раҳметов ва бошқа ижодкорларнинг асарлари ўрин олган. Ўзбекистон Бадиий академияси матбуот хизматининг ёзишича, “ушбу асарлар оддий бадиий образлар эмас, балки ўзбек халқининг тарихий тақдири, қалб кечинмалари ва озодлик сари интилишларини ўзида теран ифода этган миллий-маънавий мерос ҳужжатларидир. Ҳар бир асарда Маҳмудхўжа Беҳбудий сиймоси орқали миллий уйғониш, халқ тафаккурининг юксалиши, ўзликни англаш ва тарихий ҳақиқатни санъат тилида қайта кашф этишга бўлган ички эҳтиёж жонли, таъсирчан ва ёрқин тарзда мужассам этилган”.
Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгаши томонидан барча тақдим этилган асарлар санъатшунослик мезонлари асосида баҳоланади. Тасвирий ифода маданияти, тарихий мавзуни бадиий ечиш даражаси ҳамда консептуал ёндашувга кўра юқори бадиий қийматга эга деб топилган асарлар Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи фондига харид қилиниши белгиланган. Бу жараён ижодкорлар меҳнатини эътироф этиш, тарихий мавзуларни замонавий санъат воситасида ёритишни рағбатлантириш ва маданий хотирани асрашда муҳим қадам ҳисобланади.
Лазиз Баҳронов.