Республикамиздан моддий-маънавий қимматликларни олиб чиқиш кўпайган

Жорий йилнинг 10 ойида давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари 2,72 триллион сўмни ташкил этган бўлса, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан 1,81 триллион сўмга яқин имтиёз ва преференциялар қўлланилган.

Имтиёзлар асосан технологик асбоб-ускуналар, транспорт воситалари, МДҲ давлатларида ишлаб чиқарилган дори воситалари ва 22 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига қўлланилади. Бу асосан ички эҳтиёжни қондириш учун ишлатилади. Божхона тизимида тўловларни кечиктириб тўлаш тартиби соддалаштирилган ва йилнинг ўтган даврида тадбиркорларга 617,9 миллиард сўм миқдорида божхона тўловларини тўлашда ушбу имкониятдан фойдаланган.

Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар Муҳаммадиев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

- Вилоят божхоначилари томонидан 2024 йилнинг 10 ойида аниқланган 1404 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида жами 33 миллиард 778,5 миллион сўмлик товар ва транспорт воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, - дейди А.Муҳаммадиев. - Шундан, 1238 та маъмурий ва 55 та жиноят иши қўзғатилди. Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 31 ҳолатда жами 43,6 килограмдан ортиқ гиёҳвандлик моддаси аниқланди.  9 ҳолатда 1 миллиард сўмдан зиёд 17 892 литр алкоголь маҳсулотлари ҳамда 26 ҳолатда 204 миллион сўмдан зиёд 8539 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси тўхтатиб қолинди.

Юртимиздан моддий ва маънавий қимматликларни олиб чиқиш ҳолатлари ҳам ортмоқда. 2023 йилда бу борада 3 ҳолат кузатилган бўлса, жорий йилнинг 10 ойида 12 ҳолатда 77 дона қадимий ашёларнинг ноқонуний олиб чиқилишининг олди олинди.    

Валюта қимматликларини ноқонуний ҳаракати билан боғлиқ 139 ҳолатда 6 миллиард 207 миллион сўмлик 417 минг 833 АҚШ доллари аниқланди. Шунингдек, заргарлик буюмларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш борасида 69 ҳолатда 5,4 миллиард сўмлик 10,3 килограмм заргарлик буюмлари ашёвий далил сифатида ушлаб қолинди. Шунингдек, 12 ҳолатда 1486 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи таблеткалар, 4 ҳолатда 153 минг 737 дона пиротехника воситалари аниқланди ва вақтинча сақловга олинди.  

Маълумот учун, йилнинг ўтган даврида божхона бошқармасида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан 724,9 миллион долларлик экспорт амалга оширилган. Бу 2023 йилга нисбатан 96 миллион доллар ёки 15,3 фоизга кўпайган.

Экспорт таркибида мева-сабзавот маҳсулотлари 170,3 миллион доллар ёки 23,5 фоиз, металлар ва улардан тайёрланган буюмлар 142,1 миллион доллар ёки 19,6 фоиз, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари 93,5 миллион доллар ёки 12,9 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари 81,6 миллион доллар ёки 11,3 фоиз, бошқа товарлар 81,5 миллион доллар ёки 11,2 фоизни ташкил этган.

Юртимизга импорт қилинган товарлар эса 1759,6 миллион долларни ташкил этган. Импорт қилинган маҳсулотларнинг асосий қисмини металл ва ундан тайёрланган буюмлар ташкил этган - 363,1 миллион доллар. Транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари 266,8 миллион долларни, технологик асбоб-ускуналар 262,6 миллион долларни, фармацевтика маҳсулотлари 212,5 миллион долларни, озиқ-овқат маҳсулотлари 97,2 миллион долларни, бошқа товарлар 294,3 миллион долларни ташкил этган.

 Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.