Робототехникларимиз 24 мамлакат ўртасида олий ўринга сазовор бўлди
Аввал хабар берганимиздек, “Баркамол авлод” болалар марказлари тўгарак аъзолари “Youth Techno Art — 2019” болаларнинг техник ижодкорлиги халқаро танлови ғолибларидан ташкил топган мамлакатимиз терма жамоаси Жанубий Кореяда робототехника йўналиши бўйича ўтказилган “International young robot competitions” (IYRS) – 2019 халқаро танловида иштирок этди.
Мазкур танловда жаҳоннинг 24 давлатидан келган 700 нафар ўқувчи-ёшлар ўз лойиҳалари билан қатнашди. Танловда терма жамоамизнинг “Имконияти чекланганлар учун мўлжалланган ногиронлик аравачасини нейроимпульслар орқали бошқарувчи робот” ҳамда “Фавқулодда вазиятлар ҳолатида инсон ҳаётини қутқариш” каби лойиҳалари халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.
- Мусобақада республикамиздан қатнашган энг иқтидорли 12 нафар ёшлар орасида марказимиз ўқувчиси Шукурбек Рўзимуродов ҳам ўз лойиҳаларини намойиш қилди ва ўз йўналишида биринчи ўринни қўлга киритди, - дейди Самарқанд шаҳар “Баркамол авлод” болалар маркази директори Наргиза Қобилова. - Шукурбекнинг робототехник ишланмалари соҳа мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.
Терма жамоамиз барча номинациялар бўйича гран-при ғолиби деб топилди ва олий ўринга сазовор бўлди. Ёш ихтирочиларимиз якунда саккизта медаль, иккита кубок ҳамда 2020 йил Россия Федерациясида бўлиб ўтадиган робототехника танловига йўлланмани қўлга киритди.
Сулаймон МАРДИЕВ.