“ROBOT.UZ - 2023” халқаро кўрик-танлови: СамДУнинг “Robotex” жамоаси гид-робот лойиҳаси билан иштирок этиб, ғолиб бўлди

Самарқанд давлат университети интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультетида бугунги кунда компьютер илмлари ва дастурлаш технологиялари, сунъий интеллект, дастурий инжиниринг таълим йўналишлари бўйича 600 га яқин талаба таҳсил оляпти.

Факультетда сунъий интеллект ва ахборот тизимлари, компьютер илмлари ва технологиялари фанлари, дастурий инжиниринг кафедралари мавжуд бўлиб, унда 50 га яқин профессор-ўқитувчилар талабаларга таҳсил беряпти. Факультет Ҳиндистон, Малайзия, Англия, АҚШ, Россия, Корея, Хитой, Япония, Қозоғистон каби давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

Жорий йилда факультет қошида IТ марказ ташкил этилиб, унда робототехника, сунъий интеллект, график дизайн, веб-дизайн, 3D моделлаштириш, макетлар ясаш, мобил қурилмалар учун дастурлаш, моушн графика каби саводхонлик курслари йўлга қўйилди. Бу мамлакатимиз олий ўқув юртларидаги энг замонавий ва етакчи IТ марказларидан бири саналади. Унда таҳсил олаётган талабалар бир қатор халқаро ва республика кўрик-танловларида юқори натижаларни қўлга киритаётгани ҳам шундан далолат бериб турибди.

- Яқинда Тошкент давлат техника университетида ўтказилган “ROBOT.UZ - 2023” халқаро кўрик-танловда университетнинг “Robotex” жамоаси иштирок этди, - дейди дастурий инжиниринг кафедраси ўқитувчиси Сардор Облоқулов. - Халқаро танловда 10 дан зиёд давлатдан 50 га яқин талабгор қатнашди. Бизнинг жамоа “Фойдали роботлар” йўналиши бўйича гид-робот лойиҳаси билан иштирок этиб, фахрли 1-ўринни эгаллади.

Ушбу робот микроконтроллер ва қўшимча қурилмалари орқали ясалган бўлиб, бошқарув дастурлаш асосида амалга оширилади. Гид-роботга буюртмачининг хоҳишига қараб исталган маълумотларни жойлаштириш мумкин. Жамоанинг бу каби халқаро танловларга олиб чиқадиган лойиҳалари талайгина. Айни вақтда улар янада мукаммалроқ лойиҳалар устида иш олиб боряпти.

- Жорий йилнинг 20 июнь куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан битирувчи талабалар учун ўтказилган олимпиадада қатнашиб, информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича билимларимни синовдан ўтказдим, - дейди университетнинг амалий математика ва информатика йўналиши талабаси Отабек Эсанов. – Ушбу танловда 2-ўринни қўлга киритиб, магистратурага давлат гранти асосида ўқишга кириш имкониятига эга бўлдим. Бунда албатта, университетимиздаги IТ марказда малакали мутахассислардан олган билимларим асқотди.

Абдусаттор БОБОЁРОВ.