Россия Европада маҳбуслар сони бўйича етакчи бўлиб қолмоқда: бир нафар маҳбус учун кунига 2.5 евродан камроқ маблағ сарфланади
Россия аҳоли сонига ҳисоблаганда маҳбуслар сони бўйича Европада 1-ўринда турибди. Бу ҳақда Лозанна Университети экспертларининг Европа кенгаши учун тайёрлаган ҳисоботида эълон қилинган, дея ёзади «Ведомости».
Ўша ҳисоботга кўра, 2017 йилда Россияда 100 минг аҳолига 418,3 нафар маҳбус тўғри келган. Бу қўшни давлатлар Грузия (100 минг аҳолига 252 киши) ва Озарбайжондан (235) бир ярим баробар кўп. Европада ўртача маҳбуслар сони 100 минг аҳолига 102.5 нафар маҳбус тўғри келади ва Россияда аҳоли сонига ҳисобланганда Европадаги ўртача кўрсаткичдан тўрт баробар кўпроқ маҳбус бор.
2018 йилда Россияда маҳбуслар сони анча ортган ва уларнинг умумий сони 602 176 кишини ташкил этган. Бу Европанинг бошқа исталган давлатидаги маҳбуслар сонидан кўп. Ҳатто Черногориянинг аҳолиси сонига тенг. Кейинги ўринларни эса Буюк Британия (84 373 маҳбус), Польша (73 822) ва Франция (69 596 маҳбус) эгаллаган.
Сан-Марино (100 минг аҳолига 18 нафар), Лихтенштейн (31,5) ва Исландия (47) лар Европада аҳоли сонига ҳисобланганда энг кам маҳбуслари бор давлатлари ҳисобланишади.
Россияда маҳбусларнинг аксарияти 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазосини ўтайди, 1 фоиздан камроқ қисми эса умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган. Россияда энг кўп учрайдиган жиноятлар гиёҳванд моддалар савдоси, қотиллик, ҳужум ва талончилик ҳисобланади.
Ҳисобот муаллифлари, шунингдек, Европанинг турли давлатларида маҳбуслар учун қанча маблағ сарфланаётганини ҳам ҳисоблаб чиқишган.
Европада бир нафар маҳбус учун ўртача 66.5 евро сарфланади. Маҳбуслар учун энг кўп сарфлайдиган давлатлар, булар: Швеция (кунига 380 евро), Норвегия (283,5 евро) и Нидерландия (244 евро).
Россия эса маҳбусларга сарфланаётган маблағ кўрсаткичи бўйича энг пастки ўринларда туради. Бу ерда бир нафар маҳбус учун кунига 2.5 евродан камроқ маблағ сарфланади.
МДҲ давлатларининг айримларидаги кўрсаткич қўйидагича: Бир нафар маҳбусга бир кунда Озарбайжонда, – 6 евро, Молдавияда – 9,4 евро, Грузияда – 11,7 евро сарфланади.
Россия фақат бир кўрсаткич бўйича 1-ўринда. Россияда турмалар ва маҳбуслар сонининг ўта кўплиги бу ерда маҳбуслар учун қилинаётган умумий маблағ миқдорини ошириб юбораяпти. Россия бир йилда маҳбуслар учун умумий 3.9 миллиард доллар сарфламоқда. 2-ўринда Германия, бу ерда маҳбуслар учун бир йилда умумий 3.1 миллиард евро сарфланади. 3-ўринда Франция ва Италия. Уларнинг ҳар бири маҳбуслар учун бир йилда умумий 2.7 миллиард евродан маблағ сарфлашади.