Россияда муҳожирлар етишмаслиги сабаб ишчиларнинг иш ҳақи ошяпти

2021 йилнинг биринчи ярмида хорижий ишчи кучи тақчиллиги паст малакали ишчиларнинг ўртача иш ҳақи ошишига, шунингдек, ўз навбатида озиқ-овқат ва хизмат нархи ошишига олиб келди, деб ёзади РБК (РосБизнесКонсалтин) Headhunter портали тадқиқотига таяниб.

Мутахассислар қурилиш, транспорт, ишлаб чиқариш каби соҳаларда рақобат пастлигини қайд этишди: бир иш жойига бир ёки икки киши тўғри келди. Пандемия бошланганидан буён Марказий Осиё мамлакатларидан келувчилар сони камайди, бу муҳожирлар уйларига қайтишни бошлагани билан боғлиқ. Тескари тенденция эса ҳали бошланмади, шунинг учун муҳожирлар танқислиги сақланиб қолмоқда, деди Headhunter компаниясининг аналитик бизнес ечимлари бўлими директори Наталья Данина.

Уй -жой коммунал хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, етказиб бериш ва таксиларда танг ҳолат кузатилмоқда. Ишчилар етишмаслигидан бўш иш ўринларининг кескин ошиши далолат бермоқда: транспорт ва логистика соҳасида талаб 136 фоизга, ишлаб чиқариш – 127 фоизга, қурилишда – 104 фоизга ошди.

Headhunter маълумотига кўра, паст малакали ходимлар учун маъқул бўлган иш ҳақи ўртача 15 фоизга, қурилишда эса йилига 15,8 фоизга ошган. "Иш берувчилар ишчиларни жалб қилиш мақсадида иш ҳақини оширмоқда. Бинобарин, иш ҳақининг ошиши қисман маҳсулот ва хизмат нархи ўсишига туртки бўлади", дея хулоса қилди «Авито.Работа» бошқарувчи директори Артем Кумпел.

Мутахассисларнинг тахмин қилишича, куз охиригача чет элликлар ишга қайтади. Унгача бир касбдан иккинчисига – масалан, қурилиш ишчиси ва оддий ишчидан курьер ёки такси ҳайдовчисига қайта ўқитиш имконияти мавжуд.

Г.Холдорова тайёрлади.