Россияда уй-жойсиз ва маблағсиз қолиб, саломатлиги ёмонлашган фуқаролар Ватанга қайтарилди

Ўзбекистон Республикасининг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Ташқи меҳнат миграция агентлиги ваколатхонаси томонидан саломатлиги ёмонлашиб, қийин аҳволда қолган С.Х. исмли фуқарони "Новосибирск – Тошкент" авиарейси орқали Ватанга қайтарилишига кўмаклашилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.

Шунингдек, Новосибирск шаҳрида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари ва саломатлигини йўқотган У.С. исмли фуқаро "Новосибирск – Тошкент" авиарейси орқали Ўзбекистонга қайтарилди.

У.С. бир неча йил илгари Новосибирск шаҳридаги чорвачилик фермер хўжалигида ишлаш мақсадида келган ва айни пайтда саломатлиги ёмонлашган. Шу билан бирга ҳужжатларини ҳам йўқотган. У вақтинча турар жой билан таъминланди, “Ватанга қайтиш гувоҳномаси” расмийлаштирилиб, Ватанга қайтишга кўмаклашилди.