Ҳиндистонда ноқонуний ҳибсда сақланаётган ўзбекистонлик 3 аёл билан боғлиқ вазият ҳақида расмий маълумот берилди

Ҳиндистоннинг айрим оммавий ахборот воситаларида ушбу давлатнинг Биҳар штатида ҳибсда ушлаб турилган ўзбекистонлик аёллар ҳақида маълумотлар тарқалди.

Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси ушбу масалага ойдинлик киритди.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик уч нафар аёл 2021 йил октябрь ойида Ҳиндистон-Непал чегарасининг Биҳар штатидаги ҳудудидан ноқонуний тарзда ўтаётганда қўлга олинган.

Арария шаҳридаги биринчи инстанция суди 2022 йил август ойида Ўзбекистон фуқароларини мамлакат ҳудудидан чиқариб юбориш (депортация қилиш) тўғрисида чиқарган қарорига қарамасдан турли бюрократик тўсиқлар ва юрисдикциянинг мураккаблиги сабабли улар ҳалигача ушлаб турилгани аниқланди.

Афсус билан қайд этиш жоизки, фуқароларимиз ёки уларнинг яқинлари томонидан ўз вақтида ушбу масала юзасидан тезкор консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаат қилинмаган.

"Элчихона томонидан Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Биҳар штатининг тегишли идоралари билан мазкур ҳолат юзасидан расмий мулоқотлар ўтказилмоқда. Вазият назоратга олинди ва фуқароларимизни ватанга қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Дипломатик миссия ватандошларимизни Ҳиндистонга сафар қилишдан олдин турли шубҳали гуруҳ ёки шахсларнинг ёлғон ваъдаларига алданиб қолмаслик, ушбу мамлакатга кириш ва унда бўлиб туриш чоғида маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақиради" дейилади ТИВ хабарида.