Россиялик муҳолифатчи Алексей Навальний комада, уни заҳарлашган бўлиши мумкин

20 август куни Россиянинг Томск шаҳридан Москвага йўл олган Навальнийнинг саломатлиги самолёт ичида ёмонлашгани сабабли, самолёт Омск шаҳрига фавқулотда қўндирилганидан сўнг, сиёсатчи шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Айни вақтда унинг саломатлиги оғир баҳоланмоқда, хабарларга кўра сиёсатчи ЎСВ ускунасига уланган. Бу ҳақда РБК агентлиги хабар берди.

“Бугун эрталаб Навальний Томскдан Москвага қайтаётган вақтда, унинг саломатлиги ёмонлашди. Самолёт Омск шаҳрига фавқулотда қўндирилди. Алексей токсик заҳарланган. Айни вақтда биз тез ёрдам билан шифохонага кетяпмиз”, - деб ёзди Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш, самолёт Омскка қўнганидан сўнг, Твиттер саҳифасида.

Ярмишнинг сўзларига кўра, Навальний ҳушини йўқотган.

“Тахминимизча, Алексейни чойга қўшилган қандайдир модда билан заҳарлашди. У эрталабдан буён истеъмол қилган ягона нарса чой эди. Шифокорларнинг сўзларига кўра, заҳар қайноқ суюқлик ёрдамида тезроқ танага сингиб кетган. Айни вақтда Навальний ҳушсиз ҳолда”, - қўшимча қилди матбуот котиби.

Кейинчалик, сиёсатчини шифохонага ётқизилганини Омск маъмурияти ҳам тасдиқлади.

1-сонли Омск тез тиббий ёрдам шифохонаси Бош шифокори Александр Мураховскийнинг сўзларига кўра, сиёсатчининг аҳволи оғир, у токсикореанимация бўлимига ётқизилган.

“Известия” нашри берган хабарга кўра, Навальний иккинчи даражали кома ҳолатига тушган. Унда оғриқни сезиш ҳисси бутунлай йўқолган, бироқ кўз қорачиқлари реакцияси мавжуд.