Рўйхатга олинганларнинг 50 фоизга яқини овоз берди

Бугун соат 8.00 да Самарқанд вилоятидаги 1111 та референдум участкасида овоз бериш жараёнлари бошланди.

Соат 11.00 ҳолатига кўра, округ ҳудудидаги участкаларда 960 минг 880 нафар юртдошларимиз ёки рўйхатга олинган овоз берувчиларнинг 46 фоизи референдумга қўйилган масала юзасидан ўз муносабатини билдирди.

Референдум участкаларида фуқароларнинг овоз беришда иштирок этишлари учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Айрим сабабларга кўра участкага кела олмайдиган фуқаролар учун овоз бериш уларнинг истагига кўра, яшаб турган жойида ташкил этилмоқда.
Участкалардаги овоз бериш жараёнларини сиёсий партияларнинг, илк бор маҳалла фуқаролар йиғинларининг вакиллари бевосита кузатиб бормоқда.

Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган ва аккредитациядан ўтказилган 40 дан ортиқ хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, чет эллик ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам Самарқанддаги референдум жараёнларини кузатиб бормоқда.

Шу пайтгача округ комиссиясига референдумга оид қонунчилик бузилиши юзасидан мурожаат келиб тушмади.
Участкаларда овоз бериш давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига кўра, округ бўйича овоз берувчиларнинг умумий сони 2 миллион 81 минг 436 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 65 минг нафарини илк бор ушбу сиёсий жараёнда қатнашаётган ёшлар ташкил этмоқда.