Спорт хабарлари
Оғир атлетика
Тошкент шаҳрида ўсмирлар ва ёшлар ўртасида оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди.
Бир ҳафта давом этган мусобақада самарқандлик спортчилар Оғабек Нафасов 1 та кумуш, 1 та бронза, Хожиакбар Олимов 3 та кумуш, Дониёр Ҳамидов 3 та бронза ва Азимжон Хожиев 2 та бронзага эга чиқди.
Аҳрор ШАМСИЕВ.
Айкидо
Самарқанд шаҳрида вилоят айкидо маркази томонидан семинар машғулотлари ўтказилди.
Уч гуруҳда 70 нафарга яқин шуғулланувчиларга марказ раиси, 4-дан қора белбоғ соҳиби Фаррух Ашрафов томонидан ушбу спортнинг янги йўналишлари ва усулларини ўргатди.
Тадбир давомида шуғулланувчилар орасида энг ёши улуғ, яъни 71 ёшли Шариф Шараповга кўп йиллардан буён айкидо билан шуғулланиб келаётгани ва кўплаб шогирдлар тайёрлагани ҳисобга олиниб, кўк белбоғ топширилди ва халқаро будо паспорти берилди. Энди Шариф ака расман мураббийлик фаолияти билан шуғулланиш хуқуқига эга бўлди.
Маълумот ўрнида, Самарқанд вилояти айкидо маркази шуғулланувчилари шу йилнинг ўзида икки марта халқаро семинарда катнашади. Апрель ойида Қазоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида ҳамда ноябрда Самарқанд шаҳрида халқаро семинар ўтказилади.
Таэквондо ИТФ
Самарқанд шаҳрида “Биз – гаёҳвандликка қаршимиз” шиори остида таэквондо ИТФ бўйича 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган рангли ва қора белбоғ соҳиблари ўртасида вилоят очиқ биринчилиги ўтказилди.
Мусобақада вилоятимиз спортчиларидан ташқари, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё ва Бохоро вилоятларидан 300 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Якунда умумжамоа ҳисобида самарқандликлар биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Бухоро ҳамда Сурхондарё вилояти спортчиларига насиб этди.
Гимнастрада
Самарқанд шаҳридаги 2-болалар-ўсмирлар спорт мактабида вилоятимизнинг 8 та шаҳар ва туманларидан 100 нафарга яқин тадбиркор хотин-қизлар ўртасида “Гимнастрада” спорт фестивали вилоят босқичи ўтказилди.
Спорт тадбиридан мақсад хотин-қизларни спортга, айниқса, оммавий спортга кенг жалб этиш ва уларни соғлом турмуш тарзига тарғиб қилиш бўлди. Якунда булунғурлик хотин-қизлар энг намунали жамоа наминацияси бўйича ғолибликка муносиб топилди.
Баскетбол
Самарқанд шаҳридаги спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида 2006-2007 йилларда туғилган ўғил ва қизлар ўртасида вилоят чемпионати ўтказилди.
Вилоятимизнинг барча ҳуддудларидан 20 та жамоа орасидан қизлар баҳсида Самарқанд шаҳри биринчи, Булунғур ҳамда Ургут тумани қизлари иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади.
Ўғил болалар беллашувида Самарқанд шаҳри биринчи ўринга лойиқ кўрилган бўлса, пастдарғомликлар иккинчи ва булунғурликлар учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.
Ўзбек жанг санъати
Тошкент шаҳрида ўзбек жанг санъати бўйича ўсмирлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
“ЖАР” спорт мажмуасида бўлиб ўтган мусобақада республикамизнинг барча вилоятларидан 500 нафарга яқин энг маҳоратли спортчилар иштирок этди. Нуфузли беллашувда вилоятимиздан 48 нафар терма жамоа аъзолари гиламга чиқди. Муросасиз кечган баҳс якунига кўра, спортчиларимиз 5 та олтин, 7 та кумуш ва 10 та бронза медалларини қўлга киритди.
Шунингдек, ғолиб спортчилар жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.
Жамил ЮСУПОВ.