Яроқлилик муддати бўлмаган маҳсулотлар: асал, гуруч, туз, шакар, сут кукуни, ясмиқ, соя қайласи

Маҳсулотларнинг яроқлилик муддати уларнинг таркибига боғлиқ, дейишади озиқ-овқат хавфсизлиги мутахассислари. Намликдан узоқ турса ва таркибида органик бирикмалар қанчалик кам бўлса, маҳсулот ўз хусусиятини узоқ сақлайди.

Бу борада биринчи ўринни асал эгаллайди. Табиий ферментлар ва паст намлик туфайли у юзлаб йиллар давомида бузилмасдан сақланиши мумкин. Археологлар қадимги дахмалардан топган асал истеъмолга яроқли бўлиб чиқмоқда.

Иккинчи маҳсулот - бу гуруч. Тўғри сақланилса, таркибидаги ёғларнинг пастлиги туфайли гуручни кўп йиллар сақлаш мумкин.

Учинчи ўрин табиий консервант сифатида ишлатиладиган тузга тегишли. Унинг яроқлилик муддати йўқ. Туз бактерияларнинг кўпайишига тўсқинлик қилиб, асрлар давомида ҳатто бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаб қола олади. Тузнинг хусусиятлари вақт ўтиши билан ўзгармайди.

Тўртинчи маҳсулот - шакар. Қуруқ жойда сақланилса, сифати бузилмайди. Бир жойда узоқ турган шакар кристалланиб қолса-да, хавфсиздир. У микроорганизмларнинг кўпайишига йўл бермайди.

Бешинчи ўринни қуруқ сут кукуни эгаллайди. Ҳаво ўтказмайдиган герметик идишда 20 йилгача сақланиши мумкин. Намсизлик уни бузилишларга чидамли қилади. Қуруқ сут узоқ муддат сақлаш учун энг қулай маҳсулотлардан бири.

Озиқ қиймати ва таъмини 10 йилгача сақлаб қолишга қодир ясмиқ олтинчи қатордан жой олади. Умуман, оқсилнинг тўлақонли манбаи ҳисобланадиган дуккакли маҳсулотлар бузилишга ўта чидамли. Бу эса ресурслар чекланган муҳитда уларнинг қимматини оширади.

Юқори туз концентрацияси туфайли деярли бузилмайдиган соя қайласига еттинчи ўрин берилди. Бу “соус” йиллар давомида ўз таъмини сақлайди. Фақат ёпиқ идишда сақланса бўлди.

Эътиборлиси, юқорида таъкидланган маҳсулотлар махсус ёки мураккаб сақлаш шароитларини талаб қилмайди.