Бобур қабри тупроғи Андижонда

Юртимизда Наврўз байрами муносабати билан эълон қилинган 4 кунлик дам олиш куни доирасида аҳоли, жамоалар тарихий жойларга саёҳат қилишмоқда.
Жумладан, аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд вилоят "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти ходимлари Самарқанд шаҳридаги «ТуркистонТравел» сайёҳлик фирмаси ходимлари ҳамроҳлигида буюк мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобур изи қолган Андижонда бўлишди.
Саёҳат Боғишамол даҳасидаги "Боғи Бобур" боғи билан танишишдан бошланди. Бобурнинг 510 йиллиги муносабати билан фойдаланишга топширилган боғ 357 гектар майдонни ўз ичига олади. Ўзига хос композицияга эга боғда ҳар куни минглаб чет эллик сайёҳ ва юртдошларимиз сайр қилади.
Сўлим масканнинг кириш қисмида Бобур Мирзо номига ўрнатилган ҳайкал қад ростлаган бўлса, сал тепароқда мутафаккирнинг Агра ва Қобул сарҳадларидаги қабрларидан келтирилган табаррук тупроқ қўйилган жой ўзига хос қиёфа касб этиб турибди. Миллий қадриятларимиздан хабар бериб турган жуда катта кўринишдаги чойнак ва пиёла аҳолининг эътиборини тортмоқда.
Боғда ўрнатилган "Осма арқон йўли" кўпчилик меҳмонларнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда.
- "Осма арқон йўли" 1983 йилдан буён одамларга хизмат кўрсатиб келмоқда, - дейди боғ ходими У.Бозорбоев. - Унинг умумий узунлиги 3200 метр бўлиб, бир вақтнинг ўзида 300 нафарга яқин кишига хизмат кўрсатади. Шунингдек, ҳар хил кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида хавфсизлик чоралари ҳам тўкис йўлга қўйилган. Мазкур қурилма кўриниш жиҳатдан бугунги талаб даражасида эмаслиги боис уни 2021 йилга қадар қайтадан замон талаблари асосида янгилаб, фойдаланишга топширишни режалаштирганмиз.
"Осма арқон йўли" орқали ҳар куни минг-икки минг одам боғни юқоридан туриб, ўзгача томоша қилади.
Абдужаббор ПЎЛАТОВ.