Саида Мирзиёева: Ўзбекистонда матбуот хизматлари фаолияти суст даражада. Бу асоссиз миш-миш ва уйдирмалар пайдо бўлишига олиб келмоқда
Давлат органлари матбуот хизматлари фаолияти журналистлар томонидан тез-тез кўтарилмоқда ва бу мавзу ахборот соҳаси учун муҳим аҳамиятга эга.
Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева Facebook’даги саҳифасида шу ҳақда фикр билдирган.
«Мутахассисларнинг бу борадаги фикрлари ва хорижий амалиётни ўрганиб, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари матбуот хизматларининг фаолияти, афсуски, суст даражада қолаётганини қайд этишга мажбурмиз.
Матбуот хизматларининг иши сустлиги ва кўпгина давлат органлари раҳбарлари ОАВ билан мулоқот қилиш заруриятини англаб етмагани оқибатида мамлакатимиз аҳолисининг ислоҳотлар бориши тўғрисида хабардорлиги паст, уларни етарли даражада идрок этмаяпти ҳамда Президент ва ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг моҳияти ва тафсилотларини тўлалигича англамаяпти. Давлатимиз томонидан оширилаётган кенг миқёсли ишлар мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам етарли даражада ёритилмай, сезилмай қолмоқда», — дейди Саида Мирзиёева.
Саида Мирзиёевага кўра, бундай вазият текширилмаган ахборот, асоссиз миш-миш ва уйдирмаларнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда, улар кенг тарқалиб, матбуот хизматлари томонидан муносабатсиз қолдирилган бир шароитда аҳоли ўртасида тушунмовчилик ва норозилик келтириб чиқариши мумкин.
Вазият матбуот хизматлари кадрлар салоҳияти чеклангани, уларнинг моддий-техник жиҳозланиши ва ходимлар малакасининг даражаси пастлиги билан янада кескинлашмоқда.
«Кўриб турганингиздек, олдимизда турган муаммо жиддий ва кенг қамровли. Ўйлайманки, бу амалдаги ҳужжатларга қўшимча равишда комплексли норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш ва қабул қилишни тақозо этади.
Хусусан, матбуот хизматларининг давлат органлари ва жамият ўртасидаги ишончли кўприк сифатида самарали фаолиятини таъминлаш, матбуот котиби мавқеини ошириш, мунтазам равишда малака ошириш курсларини ташкил этиш лозим ва ҳоказо.
Биз бу борадаги ишларни бошлаганмиз. Жумладан, тегишли таклифлар ишлаб чиқиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш бўйича махсус гуруҳ тузилган», — дея таъкидлаган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари.