Саломатлик марафони якунланди, лекин соғлом турмуш тарғиботи тадбирлари давом этади
Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, касалликларни эрта аниқлаш ва тиббий профилактика мақсадида шу йил 17 ноябрдан 17 декабрга қадар Самарқанд шаҳрида “Саломатлик марафони” ўтказилди.
Дастлаб, октябрь ойида Нукус шаҳрида бўлиб ўтган ва ижобий самара берган марафоннинг узвий давоми сифатида бу гал кўҳна кентда ташкил этилган мазкур оммавий тадбир икки босқичда – шаҳардаги 20 та оилавий поликлиника ва 3 та махсус поликлиникада ҳамда республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида бўлиб ўтди.

Поликлиникаларда 18 турдаги лаборатор ҳамда 29 турдаги инструментал текширувлар ўтказиш учун тиббий асбоб-ускуналар ажратилди. Жумладан 2 та мобил маммограф ва 2 та мобил ангиограф олиб келинди. Республика илмий-амалий тиббиёт марказларининг 18 йўналишдаги етакчи мутахассислари иштирокида аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
– Марафондан кўзланган асосий мақсад аҳолини скринг дастурлари билан қамраб олиш, мақсадли тиббий кўрикларни ташкил этиш ва ушбу кўриклар давомида аниқланган касалликларни даволаш, халқимиз ўртасида соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш эди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг тиббий ёрдамни ташкил этиш бўйича биринчи ўринбосари Жамшид Жиянов. – Бир ой давомида вилоятимиз ҳамда республика ихтисослашган марказларининг малакали мутахассислари жалб қилинган ҳолда Самарқанд шаҳрида бу вазифаларни амалга оширишга эришдик. Ўтган вақт мобайнида 175 мингдан зиёд аҳоли скринг дастурлари билан қамраб олинди, 40 мингга яқини мақсадли тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу тадбирлар натижасида 200 дан зиёд фуқарони оператив йўл билан даволашга эришилди. 56 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Бу беморларнинг аксариятини кам таъминланган оилалар вакиллари, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда кексалар ташкил этди. Шаҳардаги 2, 6 ва 9-поликлинкаларда тор соҳа мутахассислари томонидан ўтказилган кўрикларда 1210 нафар аҳоли ангиография текширувидан ўтказилди ва натижада 221 кишида стентлашга, 128 кишида аорта коронар шунтлашга кўрсатма аниқланди. 6000 нафардан ортиқ аёллар кўкрак бези саратони ва бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш учун ультратовуш текшируви ва маммография кўригига жалб қилинди. 111 нафар аёллар хавфли ўсма касаллигига гумон қилиниб, уларнинг 8 нафарида бачадон бўйни ва 9 нафарида кўкрак бези саратони ташхиси тасдиқланди. Уларни даволаш чоралари кўрилмоқда.

Марафон давомида шаҳардаги аҳоли кўп тўпланадиган жойларда саломатлик нуқталари ташкил этилди. Ушбу масканларда аҳоли инструментал текширувлардан ўтказилди, яъни вазни, бўйи, семизлик даражаси аниқланди ва тиббиёт ходимлари томонидан зарур тавсиялар берилди, соғлом турмуш тарзи тарғиботига оид кўргазмали воситалар тарқатилди. Бу тадбирлар орқали маълум даражада, Самарқанд шаҳар аҳолисининг тиббий хизматдан розилигига эришилди. Тармоқ режа бўйича вилоят миқёсидаги шундай саломатлик марафонларини Каттақўрғон шаҳар ва Ургут туманида ўтказиш кўзда тутилган. Умуман, 2026 йил давомида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бу каби тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.
Маълумотларга кўра, саломатлик марафони давомида Самарқанд шаҳридаги оилавий поликлиникаларга 175 мингга яқин аҳоли мурожаат қилиб, 263 мингта қабул амалга оширилди. Ушбу қабуллар натижаси асосида кўп тармоқли поликлиникага йўналтирилган 38 мингдан ортиқ аҳоли республика ва вилоят тиббий муассасаларининг малакали мутахассислари томонидан текширувдан ўтказилиб, 1400 нафарига стационар, 22 минг нафарига амбулатор муолажалар тавсия этилди. Оилавий поликлиникаларга мурожаат қилган аҳоли 7 турдаги скрининг текширувларидан ўтказилди. Текширувлар якунлари DMED ягона электрон ахборот тизимига киритилди ва бу фуқаролар саломатлигини доимий мониторинг қилиш, касалликларни эрта аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини оширишга катта туртки беради.

– Республикамизда биринчи “Саломатлик марафони” Нукус шаҳрида ўтказилиб, тиббий хизматга эҳтиёжи юқори кенг аҳоли қатлами қамраб олинган эди, – дейди Самарқанд шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Аҳмаджон Бобожонов. – Ундан кейин Самарқанд шаҳрида ташкил этилган марафон кўлами ҳам янада кенгайиб, нафақат шаҳар тиббий муассасалари ходимлари, балки вилоят, республикадан малакали мутахассислар қатнашди. Улар ёрдамида энг чекка маҳаллалардаги тиббий ёрдамга муҳтож, саломатлигида муаммоси бўлган аҳолигача борилиб, ҳатто уйида ётган беморлар ҳам малакали врачлар томонидан кўрикдан ўтказилиб, тавсиялар берилди. Республика ихтисослашган тиббий марказлари раҳбарларигача шаҳримизга келиб, мақсадли тиббий кўрикларни ташкил этиш ва ўтказишга яқиндан ёрдам беришди.
Нима учун Нукусдан кейин Самарқанд шаҳри танланди, деган савол кўпчиликни қизиқтириши мумкин. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 19 майда қабул қилинган “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, бу йил мамлакатимиздаги 15 та туман ва шаҳар қаторида Самарқанд шаҳрида тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинди. Соғлиқни сақлаш тизимини энг илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш, янгича бошқарув тамойилларини йўлга қўйиш кўзда тутилган янги модел асосида шаҳар соғлиқни сақлаш тизими фаолияти рақамлаштирилди, DMED тизими, электрон поликлиника, электрон рецепт жорий этилди.

– Ўттиз йиллик тажрибага эга тиббиёт ходими сифатида айтишим мумкинки, биз йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб, янги тизимда ишлаб, унинг аввало, аҳоли, қолаверса, тиббиёт ходимлари учун ҳам жуда қулайлигини ўз фаолиятимизда кўряпмиз, – дея сўзида давом этади А.Бобожонов. – Ортиқча қозоғбозликлар камайди, барча маълумотлар электрон кўринишга келди. Поликлиникалардаги аҳолининг тиббий дафтарчалари ҳам электрон шаклга келтирилиб, тизимга киритилди. Ҳозир бир шаҳарнинг ҳар маҳалласида аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари, хавф гуруҳидагилар ва диспансер рўйхатида турганлар ҳақида аниқ маълумотларга эгамиз. Аҳоли қайси тиббий муассасага бориб, кўрикдан ўтадиган ёки даволанадиган бўлса, DMED тизими орқали унинг тиббий картасидаги маълумотлар билан танишиб, шунга қараб ташхис қўйиш ёки муолажа тайинлаш мумкин. Бу тизим марафонда ҳам жуда қўл келди. Биз биринчи навбатда кимларни мутахассис кўригидан ўтказиш зарурлигини аниқлаб олдик ва шу асосда вилоят, пойтахтдаги тиббий марказлардан мутахассисларни таклиф этиб, мақсадли кўрикларни ташкил этдик. Беморлар, камбағал оилалар ва касаллик келиб чиқиши эҳтимоли юқори бўлган хавф гуруҳлари билан манзилли иш олиб борилди. Энг кўп учрайдиган касалликлар юзасидан беморлар маршрутлари ишлаб чиқилди ва шифокор тактикаси бўйича қисқа муддатли ўқувлар – “workshop”лар ўтказилди. Биринчи босқичда республика мутахассислари томонидан шаҳримиздаги 20 та оилавий поликлиниканинг 75 нафар тиббиёт ходим – оилавий шифокор, амалиётчи ҳамшира ва оила ҳамширалари ўқитилиб, маҳаллий тренерлар тайёрланди. Кейинги босқичда маҳаллий тренерлар томонидан 168 та тиббиёт бригадаларидаги 679 нафар ходимнинг касбий малакаси оширилди. Қандли диабет, юрак қон-томир касалликлари, аёлларда хавфли ўсма касалликлари, репродуктив саломатлик ва болалар парвариши, DMED-саводхонлик бўйича “workshop”лар ташкил этилди. Бу ишлар натижасида бугун поликлиникаларимиздаги шифокор ва патронаж ҳамширалар қайси оилада қандай тиббий хизматга эҳтиёжи борлиги, беморлар тўғрисида аниқ маълумотга ва уларга қандай ёрдам кўрсатиш бўйича кўникмага эга. Энг муҳими, “Саломатлик марафони” бу ишларни тизимли йўлга қўйиш имкониятини берди.

Марафон давомида Ёшлар ишлари агентлиги ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳридаги 92 та ўрта таълим мактабида фаолият олиб борувчи 84 нафар мактаб ҳамшираларига репродуктив саломатлик асослари, зарарли одатлардан воз кечиш, соғлом турмуш тарзи асослари, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш бўйича “Оила саломатлиги мактаби” машғулотлари ўтказилди. Мактаб ҳамшираларининг лавозим йўриқномалари янгидан ишлаб чиқилди. Бунда, ҳамширалар шифокоргача бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, DMED дастури орқали болалар вакцинациясини мониторинг қилиш,
санитар-гигиеник ҳолатлар назорати, ўқувчилар орасида соғлом турмуш тарзи бўйича тарғибот тадбирларини ўтказиш ва ўқувчиларнинг руҳий ҳолатини мониторинг қилиши назарда тутилган.
Ғолиб Ҳасанов,
Алишер Исроилов (сурат).