Самарқанд археология институти тикланди
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 августдаги қарорига кўра, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Самарқанд археология институти негизида Маданий мерос агентлиги тизимида давлат муассасаси шаклидаги Я.Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти (“Археологик топилмалар фонди” ноёб илмий объекти билан) ҳамда институтнинг юридик шахс бўлмаган Бухоро филиали ташкил этилди.
Институтга Фанлар академияси Самарқанд археология институтининг мавжуд 52 та штат бирлиги ўтказилади. Бухоро филиали учун қўшимча 5 та штат бирлиги ажратилади.
Мазкур институт республикамиз ҳудудида олиб борилаётган археологик тадқиқотларни илмий-услубий жиҳатдан йўналтириш ҳамда табиий фанларнинг замонавий тадқиқот услубларини археологик изланишларга кенг жорий қилиш фаолиятини амалга оширувчи ихтисослаштирилган давлат илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Фанлар академияси Миллий археология маркази ташкил этилиши билан Я.Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти мазкур марказнинг юридик шахс бўлмаган филиали шаклида ташкил этилганди.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз ҳудудида амалга оширилган археологик тадқиқотларга бош бўлган, муҳим тарихий фактлар, маълумотларни аниқлашга хизмат қилган ва халқаро миқёсда эътироф этилган илмий муассасанинг яна ўз мақомида иш бошлаши адолатли қарор бўлди.