Самарқанд давлат университети маҳаллалар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамламоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида “маҳаллабай” ишлаш тизимида Самарқанд тажрибасини яратиш ва амалиётга жорий этиш таклифини билдирган эди.
Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд давлат университети олимлари томонидан шаҳардаги Хўжа Аҳрор Валий, Намозгоҳ, Боғбонлар, Оқсарой, Боғисарой, Чашма, Чақар, Барака, Темирйўлчилар, Янгиқўрғон каби маҳаллалар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.
- Самарқанд шаҳридаги Боғисарой маҳалласида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш юзасидан амалий ишларни бошлаганмиз, - дейди филология факультети декани, профессор Азамат Пардаев. - Мазкур маҳаллада яшайдиган ёшлар учун хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, спорт ва китобхонлик тўгараклари ташкил қилинди. Шунингдек, маҳалла ёшлари ўртасида “Маҳаллангиз тарихини биласизми?”, “Маҳалламизда яшаб ўтган машҳурлар”, “Маҳалламиз озодалигига масъулмиз” каби мавзуларда иншолар танлови ўтказишни режалаштирганмиз. Маҳалладаги мактаблар ўқувчилари учун ёзги таътил давомида кўчма кутубхона ташкил қилишни мақсад қилдик. Бугина эмас, маҳалладаги ёшларни олий ўқув юртларига кириш учун тайёрлов курслари ташкил қилиш бўйича келишиб олдик. Айниқса, маҳаллада “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Уларнинг қизиқиш ва интилишларини ўрганяпмиз. Маҳалла ёшлари билан яқиндан алоқа ўрнатиш мақсадида телеграм канал ҳам очмоқчимиз.
- Президентимиз ташаббуси билан бошланган маҳаллабай ишлаш тизими ўзининг дастлабки ижобий натижаларини бера бошлади, - дейди Боғисарой маҳалласи раиси Тоҳир Ғафуров. - Тўғрисини айтганда, одамларнинг уйига кириб бормагунингча, уларнинг дардига қулоқ тутмагунингча, ҳақиқий аҳволни билиб бўлмас экан. Тан олиб айтишимиз керак, бугун маҳалладаги чин манзара бутунлай ойдинлашди. Кимга иш керак, кимга кредит керак, ким даволанишга муҳтож, кимни уй-жой шароити оғир, барчаси аниқ бўлди.
Самарқанд давлат университети олимларининг маҳалламизга келиб, бизга амалий ёрдам кўрсатаётганидан ниҳоятда хурсандмиз. Улар билан маҳалламизга зиё, маънавият-маърифат кириб келди. Фарзандларимиз профессорлар билан учрашиб, суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлди. СамДУ олимлари маҳалламизда катта масштабда маънавий-маърифий ишлар олиб боришга бел боғлашган. Айниқса, ёшлар учун ташкил қилинган тўгараклар, ёшларни олий ўқув юртларига тайёрлаш юзасидан бошланган саъй-ҳаракатлар биз, ота-оналарни жуда қувонтирди.
Отабек Саъдуллаев,
СамДУ ахборот хизмати ходими.
***
Самарқанд давлат университети олимлари, шунингдек, Ёшлар иттифоқининг университет бошланғич ташкилоти фаоллари шаҳардаги Боғбонлар маҳалласи билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди.
Дастлабки пайтда маҳаллада 17 нафар ёш “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлса, бугунги кунда улар билан ишлаш давомида сезиларли ижобий натижаларга, силжишларга эришилди. Маҳалладаги ёшлар учун бир қатор тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Университет ва маҳалла раиси В.Қодиров ҳамкорлигида тикувчилик, инглиз тили, математика, дурадгорлик, дизайнерлик тўгараклари маҳалла ёшларининг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилган. Қувонарли томони, тўгарак иштирокчиларининг сони кундан кунга ошиб бормоқда.
Бундан ташқари, 2500 дан зиёд аҳолиси бўлган маҳаллада биттагина спорт майдони мавжуд эди. Ҳозирда университетимизнинг спорт заллари, очиқ спорт майдонлари ҳам маҳалла ёшлари учун бепул хизмат қилишни бошлади.
Шаҳзод Тоғаймуродов.