Самарқанд дунёга бағрини очди

Самарқанд шаҳрига Наврўз байрами арафасида кўп сайёҳ ташриф буюриши инобатга олиниб, 87 та меҳмонхонада 3200 та жой банд қилинди, сайёҳлар учун 40 дан ортиқ ошхона, ресторан ва кафелар шай ҳолатга келтирилди.
Самарқанд шаҳридаги 79 та меҳмонхонага 2 минг 93 нафар хорижий, 5 минг 211 нафар маҳаллий меҳмонлар жойлаштирилди. 174 нафар Қозоғистон, 1 минг 832 нафар Тожикистон фуқаролари ўз қариндош-уруғлари хонадонида меҳмон бўлишди.
Регистон майдонида 5 кунда сайёҳлар сони 36 минг нафарни (2 минг нафари хорижий), Имом Бухорий мажмуасида 24 минг нафарни ташкил этди.
Экскурсиялар билан боғлиқ ташкилий тадбирларда туристик фирмалар томонидан йўл, транспорт, овқатланиш ва гид-таржимонларни бириктиришда имтиёз ва чегирмалар асосида хизматлар кўрсатилди.

***

Ички туризмни ривожлантириш дастурининг бажарилишида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг иштироки муҳим ўрин тутмоқда.
Жумладан, Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан вилоятда фаолият кўрсатаётган корхона-ташкилотлар, маҳаллалар ва ёшлардан ташкил топган 8 минг нафардан ортиқ ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг юртимиз бўйлаб саёҳатлари ташкил этилди. 

– Аҳолига хизмат қилишдек шарафли ишни бошладик, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши қошида ташкил этилган "Kasaba Samarqand" унитар корхонаси раҳбари Аббос Ҳазратқулов. – Ташкилотимизни март ойида республикада биринчилардан бўлиб ташкил этдик. Бугунгача мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатдик. Жумладан, байрам кунларида вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашида фаолият кўрсатаётган 26 нафар ишчи-ходимнинг Бухоро вилоятига ва  "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими ҳамкорлигида  45 нафар нуроний-фахрийларнинг Шаҳрисабз шаҳрига саёҳати ташкил қилинди. Апрель ойида Фарғона ва Жиззах вилоятлари аҳолисидан Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига саёҳат учун буюртмалар қабул қилдик. Келгусида корхонамизнинг бошқа вилоятларда ваколатхоналарини очишни ҳамда 5 нафар тур-оператор ва 5 нафар гид-таржимонни иш билан таъминлашни режалаштирдик.   
Касаба уюшмаси томонидан ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун ташкил этилган саёҳатлар давомида турли тадбирлар ҳам ташкил этилди.

Акбар ҚОДИРОВ.