Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд индонезиялик зиёратчилар учун янги имкониятларни кенгайтиради

Вилоят ҳокими Адиз Бобоев Индонезия Республикаси Халқ маслаҳати кенгаши раиси Аҳмад Музани бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув ўтказди.

Учрашув аввалида Аҳмад Музани Адиз Бобоев бошчилигидаги вилоят делегациясининг Индонезияга ташрифи давомида берган таклифи асосида Самарқандга келганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Мулоқот чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, зиёрат туризми йўналишида алоқаларни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар индонезиялик зиёратчиларнинг Самарқандга сафарларини, айниқса, Имом Бухорий мажмуасига ташрифларини янада самарали ташкил этиш, бу борада тажриба алмашиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашдилар.

Учрашувдан сўнг Индонезиядан келган диний уламолар билан мулоқот қилинди. Унда индонезиялик зиёратчилар учун яратилаётган шароитлар ҳақида сўз юритилди.

Ташриф дастури доирасида делегация аъзолари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида вилоятнинг диний уламолари билан учрашув ўтказадилар. Шунингдек, меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, ушбу ҳудудда фаолият юритаётган Hotel Kampoeng Indonesia – Samarkand” меҳмонхонасида бўладилар.

Бундан ташқари, меҳмонлар Самарқанд вилоятининг саноат ва инвестиция салоҳияти билан яқиндан танишиш мақсадида "SAG” ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда мева-сабзавотларни саралаш ва қадоқлаш объектлари фаолияти билан ҳам танишади.