Самарқанд жамоат транспортида қандай ўзгаришлар бор?
Вилоят Матбуот уйида Президентимизнинг “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг вилоятимизда бажарилиши ҳамда аҳолининг жамоат транспортига бўлган талабини қондириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Таъкидландики, 2023-2024 йилларда “Мароқанд транс 777” МЧЖ ва “Дилшод транс сервис” МЧЖлар томонидан, Хитойда ишлаб чиқарилган 115 та “Кинг-Лонг”, “Азия-Стар” ва “CRRC” русумли автобуслар келтирилиб, янги автобус йўналишларга жойлаштирилган. Бугун 472 та жамоат транспорти 337 таси Самарқанд шаҳрида аҳолига хизмат қилмоқда. Бироқ, бу кўрсаткич бор-йўғи 47 фоиз бўлиб, азим шаҳар аҳолиси учун етарли эмас. Шунингдек, Нуробод, Оқдарё, Тойлоқ туманларида бирорта ҳам йўловчи ташиш автобуслари қўйилмаган.
- Оқдарё, Иштихон, Қўшработ ва Пайариқ туманларидан қатновчи йўловчиларнинг тўғридан-тўғри Самарқанд шаҳрининг Даҳбед кўчасига кириб келиши мазкур ҳудудда анча тирбандликларга сабаб бўлмоқда, - дейди вилоят транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи Маҳмуд Узоқов. - Шу сабабли Мотрид қўрғонидаги айланма йўл ёнида автобошбекат қуриш учун 2,5 гектар ер майдони ажратиб берилди. Қурилиш олиб бориш учун “Urgut avto center” МЧЖ тендерда ғолиб бўлди. Мазкур автошоҳбекат жорий йил якунигача ишга туширилади.
Шунингдек, Самарқанд ҳалқа автомобил йўлининг Қарши айланма йўли ҳудудида ҳам тадбиркорларимиздан бири тендерда ғолиб бўлиб, янги замонавий автостанция лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрламоқда. 2,5 гектар ер майдонидаги қуриш ишлари 2 ой ичида бошланиши режалаштирилган.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.