«Самарқанд олмаси» Самарқандга қайтарилди

Самарқанд шаҳридаги Ориф Гулханий уй-музейи жамоаси кўп йилдан буён вилоятимиздаги таълим даргоҳларига «Самарқандни гулга буркайлик! 1+10» акциясини ўтказиб келади ҳамда «Ҳар бир ўқувчи ўз гулига эга бўлсин», деган ёш гулсеварлар ҳаракати доирасида уй-музейда парваришланаётган гуллар ва гул уруғларини тарқатади.
Бу йил ҳам «Боғи Гулханий» томонидан ушбу хайрли ташаббус асосида, ўқув муассасалари, корхона ва ташкилотларга гул ва гул уруғлари тарқатилди.
Жумладан, тадбир доирасида вилоятимиздаги 7 та туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли таълим даргоҳларига 8 минг туп гул ва ўсимликлар, 161 мингдан зиёд гул ва ўсимлик уруғлари етказиб берилди. Бу кўчатлар билан мактаблардаги ўқув хоналарида яшил бурчаклар ташкил этилди.
- Яшиллик тарғиботини кенгайтириш мақсадида боғдаги навларни кўпайтиришга ҳаракат қиляпмиз, - дейди Ориф Гулханий уй-музейи директори Муқимжон Орипов. – Жорий йил Бойсун туманидан «Самарқанд олмаси» ва «Соҳиби узум» навини келтириб экдик. Аслида ушбу навлар Самарқандда машҳур бўлган. Бу унинг номидан ҳам маълум. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарида бу нав ҳақида маълумотлар бор. Ушбу олма ва узум навларини яна ўз ватани - Самарқандда кўпайтиришни мақсад қилганмиз.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимлари, «Зарафшон», «Самаркандский вестник» ҳамда «Овози Самарқанд» газеталари таҳририятлари ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган ушбу яшил тадбир акциясида шу кунгача «Ориф Гулханий» боғида парвариш қилинган 600 мингдан кўпроқ гул ва ўсимлик кўчат ҳамда уруғлари тарқатилди.
- Акциядан мақсад ёшлар қалбида Ватанга, она табиатга муҳаббат, меҳнатга рағбатлантириш, ўзи ўқиётган муассаса ва масканларни кўкаламзорлаштириш ҳамда гулзорлар барпо этишга ҳавас уйғотишдир, - дейди «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бош муҳаррири, сенатор Ф.Тошев. – Улар ўз таълим даргоҳларида ниҳолларга ғамхўрлик қилади, кўкаламзорлаштириш ишларида устозларига яқин кўмакчига айланади. Атрофни тоза тутиш, ободонлаштириш каби эзгу фазилатлар шаклланади.
Сулаймон Мардиев.