Самарқанд рамзини яратиш таклиф этилди

Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевнинг вилоят туризмни ривожлантириш жамоатчилик кенгаши аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув Самарқанд шаҳрида янгидан фаолият бошлаган "Гранд Чанган" ресторанининг очилиши билан бошланди.
Иштирокчилар хитойлик инвестор ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу ресторанда меҳмонлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Шундан сўнг вилоятда туризмни ривожлантириш, янги йўналишлар ташкил этиш, маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар сонини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Дастлаб вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Суюнов жорий йилнинг 8 ойи давомида туризм соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланишича, 8 ойда вилоятимизга 2,2 миллион хорижий, 4,3 миллион маҳаллий сайёҳлар ташриф буюриб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бу кўрсаткич 140 фоизга ўсган. Туризм хизматлари экспорти эса 441,1 миллион долларга етказилган.
Ўтган даврда вилоятда 194 та жойлаштириш воситалари, жумладан, 13 та меҳмонхона, 37 та хостел, 144 та оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилиб, жойлаштириш воситалари сони 821 тага, ўринлар сони эса 22 минг 680 тага етказилган. Шунингдек, жорий йилда 63 та туркомпаниялар фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг сони 451 тага етган.
Адиз Бобоев вилоятда туризм инфратузилмасини такомиллаштириш, замонавий хизматлар кўламини кенгайтириш, муаммоларга ечим топиш, шунингдек, янги лойиҳалар орқали ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича соҳа мутахассисларининг таклифларини сўради.
Учрашувда туризмни ривожлантириш, бу борада халқаро тажрибалардан фойдаланиш, Самарқанд рамзини яратиш ва соҳага стартап лойиҳаларни жорий қилиш юзасидан тақдимотлар қилинди.
Тадбир якунида 27 сентябрь – Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан вилоятимизда туризм ривожи учун муносиб ҳисса қўшиб келаётган соҳа мутахассислари ва тадбиркорларга вилоят ҳокимининг ташаккурномаси топширилди.