Самарқанд шаҳрида фаол аҳолининг 9 фоизи ишсиз

Бугун Самарқанд шаҳрида 22 минг нафар фуқаро ишсиз. Бу шаҳардаги фаол аҳолининг 9 фоизини ташкил этади.
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан жорий йил бошидан буён 874 нафар фуқаро доимий иш жойларига жойлаштирилган. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
- Марказ томонидан 278 нафар фуқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилди, - деди Самарқанд шаҳар Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази бошлиғи Илҳом Саъдуллаев. – 89 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. 15 нафар ишсизларга ишсизлик нафақаси тайинланиб, ижтимоий муҳофазага олинди. Шунингдек, 3363 нафар фуқарога меҳнат бандлик масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат хизматлари кўрсатилди. Бугун барча корхона, ташкилот ва муассалар ўз ходимлари ҳақидаги маълумотларни ягона миллий меҳнат тизими базасига киритган. Ҳеч бир раҳбар ўзидаги бўш иш ўрнини яширолмайди. Ҳозир бизда цех ва корхоналарда бўш иш ўринлари мавжуд. Аммо ҳамма иш сўраб келувчилар ҳам оғир ишларда ишлашни истамайди.
Бундан ташқари, жорий йилда 8 нафар ногиронлиги бўлган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчиларга ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратиб берилган.
Марказ томонидан чет элга ишлаш учун кетиш истагини билдирган оилавий шароити оғир бўлган 25 нафар фуқарога 2 млн. сўм микроқарз олиш учун "Микрокредит банк"ка илтимосномалар берилган.