Самарқанд шаҳрида ҳарбийлар ҳам Янги йилолди кўргазмали чиқишларини бошлади (фото)

Кеча, 25 декабрь куни Самарқанд шаҳрида ҳарбийлар томонидан Янги йил олди кўргазмали чиқишлари бошланди. Ушбу кўнгилочар дастур 15 январь кунига қадар давом этади. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Дастлаб аскарлар Ватанга қасамёд қилишди. Йигитлик қасамёдининг мазмун-моҳиятини йиғилганларга саҳна кўриниши орқали намойиш этишди.

Вилоят мусиқали драма театри саҳнасида бўлиб ўтган тадбирда қўл жангги чиқишлари ва “Бир куни ҳарбий хизматда...” номли ҳарбий қатралар томошаси мухлислар ҳукмига ҳавола этилди.

Шунингдек, тадбирда ҳарбийлар томонидан Янги йил сайлига ташриф буюрган болажонларга совғалар улашилди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан байрамолди тадбирлари режага кўра, ҳафтада икки кун ва дам олиш кунлари бўлиб ўтади.