Самарқанд шаҳридаги барча мактаб ўқувчилари ҳам эртадан таътилга чиқади

Жорий йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган муҳим халқаро сиёсий тадбир муносабати билан халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг қарорига кўра, Самарқанд шаҳридаги барча умумий ўрта таълим муассасаларига, шунингдек, Оқдарё, Тойлоқ, Самарқанд туманларининг маҳаллий Кенгашлари қарорларига асосан, Самарқанд туманидаги 3 та (7-, 23-, 53-), Тойлоқ туманидаги 5 та (11-, 12-, 15-, 17-, 59-), Оқдарё туманидаги 5 та (25-, 38-, 39-, 41-, 48-) умумтаълим мактабларига 5-19 сентябрь кунлари навбатдан ташқари таътил берилган эди.

Қарорларда қолдирилган дарс соатлари ўқув йили давомида бериладиган таътиллар ҳисобига қопланиши белгиланган.

Шунга кўра, 9-, 10-, 12-, 13-, 14 сентябрь кунлари қолдирилган дарслар ўрни қишки таътил кунларининг охирги 5 куни ҳисобидан (2023 йил 5-, 6-, 7-, 9-, 10 январь кунлари) жами 5 ўқиш куни эвазига қопланиши режалаштирилган эди. Самарқанддаги юқорида номлари санаб ўтилган мактабларда 5 январдан дарс бошланган.

Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг тегишли йиғилиш баёнига асосан, умумтаълим ҳамда ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларининг қишки таътил кунлари об-ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетиши сабабли 2023 йилнинг 17 январигача узайтирилишини ҳисобга олиб, мазкур мактабларда ҳам 7 январдан навбатдан ташқари таътил эълон қилинади. Қолдирилган дарс соатлари баҳорги таътиллар ҳисобидан қопланади.

Қайд этилганидек, 2022-2023-ўқув йилининг учиинчи чораги 2023 йилнинг 18 январидан бошланади.

Жорий йилнинг 11-17 январь кунлари режалаштирилган дарс машғулотлари ўқув йили давомида бошқа мавзуларда тиғизлаштирилиб ўқитилади.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.