Самарқанд шаҳридаги Никоҳ уйида оилаларни яраштириш мактаби очилди

Май ойида ташкил этилган мазкур яраштирув мактабида ҳозирга қадар еттита оила яраштирилган.

Кеча вилоят оила ва хотин-қизлар, адлия бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда "Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мактаби"нинг намунали машғулоти ҳам ўтказилди.

Унда ФҲДЁ бўлимларига никоҳдан ўтиш учун ариза топширган 60 га яқин ёшлар, уларнинг ота-оналари, 50 йилдан бери биргаликда умргузаронлик қилаётган оила бошлиқлари ўзаро фикр алмашдилар.

- Вилоятда оилавий ажралишлар сони ортгани унинг олдини олиш борасидаги ишларни кенг кўламда амалга оширишни тақозо қилади, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонова. – ФҲДЁ бўлимлари қошида ташкил этилган 16 соатлик ушбу мактабларнинг фаолиятини янада такомиллаштиряпмиз. Афсуски, таҳлилларга кўра, оилалар ажралишида учинчи шахсларнинг, ота-оналарнинг аралашуви фоизи ҳам юқори кўрсаткичда. Бу сабаблар ҳақида ота-оналар билан суҳбатлашиш учун уларни ҳам машғулотларга таклиф этишни режалаштирганмиз. Ҳозирги намунали машғулотда никоҳланувчиларнинг ота-оналари, оила ва жамоатчилик вакиллари оилалар ажралишига олиб келувчи салбий иллатлар ҳақида фикрлашиб олишди.

Тадбир давомида мутасаддилар иштирокида Самарқанд шаҳридаги Никоҳ уйидан шу йил рўйхатдан ўтган 500 га яқин оиладан яна бири – ёш Раҳматуллаевлар оиласи вужудга келди, янги никоҳ қайд этилди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.