Самарқанд шаҳрининг Чўпонота массивида халқаро автошоҳбекат қурилади

Самарқандда республикамизнинг энг кўп вилоят ва шаҳарларидан, қолаверса, қўшни давлатлардан келадиган йўловчи ташувчи транспорт воситалари учун қулай ҳудудда автошоҳбекат қуриш мақсадида шаҳарнинг Чўпонота массивидан 4 гектар ер майдони танланган. Айни пайтда бу ерда қурилиш ишлари давом этмоқда.

Вилоят қурилиш бош бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда барпо этилаётган ушбу автошоҳбекатнинг қурилиш ишлари кўздан кечирилди. Дастлаб қурилиш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланишича, автошоҳбекат қурилиши бўйича “SXF Kemping” масъулияти чекланган жамияти онлайн-аукцион ғолиби деб топилган ва қурилишнинг лойиҳа ҳужжатлари “Yakxyoev proekt servis” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилиб, тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда иш олиб борилмоқда. Лойиҳа - автошоҳбекат бир вақтнинг ўзида 150 та автобус, 200 та микроавтобус ва 300 та енгил турдаги транспорт воситаларини қабул қилишга мўлжалланган.

Шунингдек, лойиҳада автошоҳбекатнинг асосий маъмурий (йўловчилар кутиш зали) биноси, автобуслар, микроавтобуслар ва енгил турдаги транспорт воситалари учун техник хизмат кўрсатиш бинолари, автотураргоҳлар, автобусларнинг халқаро, вилоятлар ва шаҳарлараро йўналишлар бўйича ҳаракатланиш майдонлари (йўловчилар учун перрон), туманлараро ва шаҳар йўналиши бўйича автобус ва микроавтобусларнинг ҳаракатланиш майдонлари (йўловчилар учун перрон), йўналишсиз таксиларнинг шаҳар йўналиши бўйича ҳаракатланиш майдонлари, йўловчи ва ҳайдовчилар учун тиббий хизмат, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш объектлари, кўнгилочар ва турли дам олиш майдонлари қурилиши назарда тутилган.

- Объектда қурилиш-монтаж ишлари 2021 йилда бошланган бўлиб, бугунги кунда автошоҳбекатнинг асосий маъмурий биноси (йўловчилар кутиш зали) ва автобуслар учун техник хизмат кўрсатиш биноларида 40-45 фоиз қурилиш-монтаж ишлари олиб борилди, - дейди вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сайфиддин Нарзиқулов. - Қуриш ишлари 2023 йилнинг тўртинчи чорагида якунланиб, фойдаланишга топширилади ва мазкур лойиҳа ишга туширилиши билан 1000 нафарга яқин янги иш ўринлари яратилади.

 

Фазлиддин Рўзибоев.