Самарқанд - талабалар халқаро олимпиадаси мезбони

2020 йил 11-12 декабрь кунлари Самарқанд давлат тиббиёт институтида тиббиёт олий таълим муассасалари талабаларининг “Самарқанд - 2020” халқаро онлайн олимпиадаси бўлиб ўтди.

Халқаро онлайн олимпиадада Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон тиббиёт олий таълим муассасаларининг 27 та талабалар жамоаси, якка қатнашувда 40 та олий таълим муассасасидан 2000 нафардан ортиқ талаба қатнашди.

Жамоалар томонидан тақдим қилинган ижодий иш ва маърузалар Жанубий Корея, Япония, Польша, Беларусь, Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва мамлакатимиз тиббиёт олийгоҳлари ва илмий-текшириш институтлари етакчи олимлари, профессор-ўқитувчиларидан иборат ҳайъат томонидан баҳолаб борилди.

Шўъбаларда тиббиёт фундаментал ва клиник фанлари, жумладан одам анатомияси, хирургия, стоматология, акушерлик ва гинекология, суд тиббиёти, юқумли касалликлар, терапия, кардиология, травматология, ортопедия ва шу каби бошқа йўналишларда долзарб масалаларга бағишланган инновацион ишланмалар тақдим қилинди.

Самарқанд тиббиёт институти талабалари - Анваршед Тўраев ёш тадқиқотчиларнинг илмий ва инновацион лойиҳалари танловида “Йил талабаси” номинацияси ғолиби бўлди, Рамиз Шавази ушбу лойиҳада биринчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, одам анатомияси фанидан Азизбек Шакулов, паталогик анатомия фанидан Азиза Ғаниева, суд тиббиёти фанидан Парвина Икромова ҳам ғолиб деб топилди.

Онлайн халқаро олимпиадада институтнинг бакалавриат йўналиши талабаларидан 46 нафари, магистратура йўналишида таҳсил олаётган талабалардан 26 нафари тақдирланди. Тадбир якунида ғолибларга диплом ва сертификатлар топширилди.

Одилбек АҲМЕДОВ.