“Самарқанд-2020” - тиббиёт олийгоҳлари талабаларининг III Халқаро олимпиадаси тўққизта мамлакат ёшларини бирлаштирди
2020 йилдан буён ўтказиб келинаётган ушбу халқаро олимпиадада Польша, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Украина, Беларус, Туркия ва Озарбайжон давлатлари 76 та олий тиббиёт ўқув юртларини 120 дан ортиқ профессор-ўқитувчилари раҳбарлигида 300 га яқин талаба-ёшлар оффлайн, 3 мингдан зиёд онлайн тарзда иштирок этди.
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Самарқанд-2020” халқаро олимпиадасини тантанали очилиш маросими бўлди. Унда Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев, Тожик давлат тиббиёт университети ректори Махмадшоҳ Қурбонали Гулзода, Қозоқ миллий тиббиёт университети ректори Марат Шоранов, Ижевск давлат тиббиёт академияси ректори Алексей Шкляев, Соғлиқ билимлари университетини Евроосиё соғлиқни сақлаш ва ижтимоий фанлар илмий-тадқиқот маркази директори Фейзиўгли Айнур сўзга чиқиб, халқаро олимпиаданинг аҳоли саломатлигини сақлашдаги аҳамияти ҳақида гапирди.
Шундан сўнг олимпиадада иштирок этаётган жамоалар ва ёш олимларнинг илмий ишлари ва лойиҳалари танлови бўлиб ўтди. Талабаларнинг чиқишлари ва тақдим этилган илмий ҳамда амалий ишланмалари ҳайъат аъзолари томонидан баҳолаб борилди.
Иштирокчилар оффлайн ва онлайн тарзда одам анатомияси, физиология, патологик физиология, патологик анатомия, суд тиббиёти, тиббий кимё, биологик кимё каби 36 та йўналиш бўйича ўз билим ва кўникмаларини синовдан ўтказди. Жараён икки боскичда, биринчидан тест синовлари, иккинчи босқичда назарий ва амалий кўникмаларини намойиши орқали ўтказилди. Олимпиада ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилди.
Халқаро Олимпиадада иштирок этган барча талабаларга сертификатлар берилди, ғолиблар ва фаол иштирокчилар 1, 2, 3 даражали ва турли йўналишлар номинациялари бўйича дипломлар билан тақдирландилар.
“Самарқанд-2020” тиббиёт олийгоҳлари талабаларининг III-Халқаро олимпиадаси доирасида талабалар ва ёш олимларнинг START-UP лойиҳаларни танлови ҳам бўлиб ўтди.
Шунингдек, Халқаро Олимпиада иштирок этаётган талаба-ёшлар учун чет эллик ва республикамиз етакчи мутахассислари томонидан замонавий тиббиётда фундаментал фанлар, илмий тадқиқот усуллари, педиатрия ва стоматологияни долзарб масалаларига бағишланган 18 та мастер-класс ўтказилди.
Тадбирда Соғлиқ билимлари университетини Евроосиё соғлиқни сақлаш ва ижтимоий фанлар илмий-тадқиқот маркази директори Фейзиўгли Айнурга Самарқанд давлат тиббиёт университети “Фахрий профессори” унвони берилди.
Самарқанд давлат университети ахборот хизмати.