Самарқанд театрларида карантиндан кейинга қолдирилган премьералар...

Театр инсонга маънавий озуқа берувчи маскан, буюк мутафаккир Беҳбудий бобомиз айтганидек, ибратхона.

Бугун коронавирус пандемияси сабаб аксарият давлатлар аҳоли кўп тўпланадиган масканларни, жумладан, театрлар фаолиятини ҳам вақтинчалик тўхтатди. Дунёдаги аксар театрлар спектаклларини онлайн намойиш этишни, видеоконференц орқали ижодий ҳамкорликни давом эттира бошлади. Хўш, бизда-чи? Театр фидойилари бугун нималар билан банд?

Камолиддин Қоржовов, вилоят мусиқали драма театри раҳбари:

- Карантин бўлса-да, жамоамиз уйда ҳам иш фаолиятини тўхтатгани йўқ. Бу йилги 105-мавсумда томошабинларга кўплаб премьераларни тақдим қилдик. "Йўқолган юрак" мусиқали драмаси, "Қирол Лир" фожиаси, "97-хона" драмаси ҳамда "Танҳо юлдуз" комедияси шулар жумласидан. Март ойида эса грузин драматурги А.Цагарели қаламига мансуб “Хонума” мусиқали комедиясини ҳавола этишни режалаштирган эдик. Аммо карантин сабаб мазкур премьера кейинга қолдирилди.

Мазкур асар кўплаб тилларга таржима қилиниб, дунёнинг қатор театрларида саҳналаштирилган.

Бир қараганда асар маиший мавзуда ёзилган оддийгина томошага ўхшайди. Аммо унда акс этган воқеалар, қаҳрамонлар кечмиши, руҳияти, ўй-мулоҳазалари орқали ўша давр ва халқ ҳаётининг кўплаб қирралари очиб берилади. Жумладан, инсоннинг обрў ва бойлик учун ҳар қандай қабиҳликка қўл уриши, инсон тақдири ва келажаги устидан бошқаларнинг ҳукмронлиги борасида очиқ-ойдин мушоҳадага чорлайди.

Шунингдек, бу йилги премьераларимизни ҳамда энг сара, халқимиз севиб томоша қилган спектаклларни карантин кунлари телевидение орқали намойиш этишни режалаштирганмиз. Ҳозир барча ижодкорларимиз янги спектакллар устида иш олиб боряпти. Булар, Шаҳобиддин Калонхон қаламига мансуб “Жаннатга сургун” комедияси ҳамда Шаҳодат Исохонова асари асосида саҳналаштириладиган “Бибихоним” тарихий-мусиқали драмалари. Карантин тугагач, янги куч, янги ғайрат билан спектакллар намойишини бошлаймиз.

Ахматулло Ниязов, вилоят рус драма театри режиссёри:

- Актёр спектаклдаги образини 90 фоиз ўз устида ишлаб, 10 фоизини саҳнадаги ижро орқали яратади. Маҳоратли актёр образ яратар экан, уни ҳис қилиши, шу оламда яшаши, асарга кира олиши жуда муҳим. Саҳнада унинг ижроси режиссёр, ҳамкасблари томонидан таҳрир ва таҳлил қилинади.

Жамоамиз билан машҳур француз театр актрисаси Сара Бернар ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи спектакл устида иш олиб боряпмиз. Сара Бернар дунё саҳнаси афсонаси ҳисобланади. Унинг ҳаёти театр, ўйнаган роллари билан боғлиқ. Режиссёр сифатида актёрларнинг ижро маҳоратидан келиб чиққан ҳолда ролларни тақсимлаганмиз. Унинг ҳар бир ижросини онлайн кузатиб, бошқа ҳамкасблар билан ҳам видеоконференц орқали ишлаяпмиз. Асосийси барчамиз изланишдамиз.

Жорий йилнинг февраль ойида жамоамиз билан Навоий вилоятининг бир нечта туманларида Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” спектаклини намойиш этдик. Томошабинлар катта қизиқиш билан кутиб олди. Демак, санъатга, театрга юртдошларимиз бефарқ эмас. Ҳозирги карантин кунлари жамоамиз томонидан саҳналаштирилган спектакллар сайтимиз ва ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этиляпти.

Ботир Тугалов, Каттақўрғон шаҳар драма театри раҳбари:

-  Театримиз бу йил 100-мавсумни қарши олади. Бир аср яшаган театрда санъатнинг буюк дарғалари ижод қилган, режиссёр Баҳодир Йўлдошев мактаби издошлари ҳамон фаолият юритмоқда. Ҳозир жамоамиз карантин сабаб оилалари бағрида фаолиятини давом эттираяпти. Карантин тугагач, Шароф Бошбековнинг “Тентак фаришталар” асари асосида режиссёр Ҳабиб Абдуллаев томонидан саҳналаштирилган спектаклимиз премьерасини ўтказамиз.

Драматург Ш.Бошбековнинг барча асарлари ҳаётий воқеаликка асосланган, уларнинг ҳар бирида ҳаётимизнинг бир нуқтасини кўришимиз мумкин. Жумладан, “Тентак фаришталар”да ҳам. Биз атрофимиздаги “тентак” деб атаган кишилар аслида беғубор фаришталар эканлиги асарда моҳирона очиб берилган. Шунингдек, Алишер Навоийнинг “Саббаи сайёр” достони асосида режиссёр Ғофур Мардонов билан ҳамкорликда “Баҳром ва Дилором” спектаклини саҳналаштиришни режалаштирганмиз.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА ёзиб олди.