Самарқанд тиббиётида дунё бўйича оммалаштирилиши лозим бўлган янгиликлар бор

Бу гапни кеча вилоятимизда илк бор ўтказилган муҳим анжуман - Евроосиё болалар хирурглари конфедерациясининг I конгрессида Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар бош хирурги Д.Морозов айтди.

Илк бор ўтказилган мазкур анжуманнинг ўзига хослиги шундаки, илмий шуъбаларда айтиладиган баъзи янгилик ва натижалар аввал амалиётда кўрсатиб берилди.  Хусусан, Самарқанд давлат тиббиёт университети ихтисослашган болалар хирургик клиникасида ўтказилган маҳорат сабоқларида буюк британиялик бир гуруҳ шифокорлар мураккаб операцияларни амалга оширишда ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

- Конгрессга ташриф буюрган буюк британиялик таниқли шифокорлар марказимизда миниинвазив хирургия бўйича ўқув курслари ва мураккаб операциялар ўтказиб, соҳадаги янгиликларни баҳам кўришди, - дейди Самарқанд давлат тиббиёт университети ихтисослашган болалар хирургик клиникаси бош шифокори Жамшид Шамсиев. -  Илмий анжуманда айтиладиган баъзи янгиликлар клиникада амалий тарзда кўрсатиб берилди. Ушбу анжуманда 30 давлатдан 150 нафар меҳмонлар – болалар хирургиясининг таниқли вакиллари, олимлар иштирок этди.

Айтиш керакки, Евроосиё болалар хирургияси конфедерацияси қарорига асосан илк конгресснинг айнан Самарқандда ўтказилиши профессор Азамат Шамсиев таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан белгиланган. “Болалар хирургиясида инновацион технологиялар” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференсиянинг очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев юртимизда тиббиётга қаратилаётган эътибор ва қатор ўзгаришлар ҳақида тўхталди.

 - Самарқанддаги ихтисослашган болалар жарроҳлик клиникасидаги шароит Ўзбекистонда тиббиётга нақадар катта эътибор берилаётганини кўрсатиб турибди, - деди Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги болалар бош хирурги Д.Морозов. – Бу ерда катта тажриба, янгилик кўрдик, дунё бўйича оммалаштирилиши лозим бўлган усулларга дуч келдик. Муҳими, бундай илмий ва ижодий ютуқлар бардавом бўлишига шароит яратилган.

Анжуманда соҳанинг хорижлик етакчи вакиллари, хусусан, Япониянинг Халқаро болалар эндохирурглари ассоциацияси президенти Сатоши Иеири, Европа болалар хирурглари ассоциацияси президенти Гонка Текант, Осиё эндоскопик ва лапароскопик хирурглари ассоциацияси президенти Маҳир Озменлар нутқ сўзлади.

- Бутун дунёда миниинвазив операциялар амалга оширилиши тобора оммалашмоқда, - дейди Буюк Британиянинг Соутҳамтон университети профессори Эуан Броунли. – Хусусан, ўзим фаолият олиб бораётган клиникада мутахассислигим, яъни урология бўйича операциялар юз фоиз лапароскопик усулда амалга оширилади. Бу усул беморларнинг тез соғлом ҳаётга қайтиши, жароҳат олмаслиги, шифохоналарда кўп қолиб кетмаслиги каби қатор қулайликларга эга. Ҳозир ўтказилаётган маҳорат машғулотлари ҳам айнан замонавий технологиялар орқали амалга ошириладиган жарроҳлик амалиётлари билан боғлиқ. Анжуманда айнан шу масала юзасидан маъруза қилдим ва ҳамкасбларим билан ўзаро фикр алмашдик. 

Конференция ишида хорижлик ва мамлакатимиз олимлари иштирокида соҳага оид долзарб мавзуларда 200 дан ортиқ маърузалар тингланди.