Самарқанд ва Чимкент шаҳарлари ўртасида туризм алоқалари ривожланади
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида самарқандлик ва чимкентлик туризм соҳаси вакиллари, туроператор ва турагентлар икки шаҳарнинг туризм имкониятларини намойиш қилди.
Тадбирда икки мамлакат сайёҳлик компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритилиб, сайёҳлик маҳсулоти ва брендларини ривожлантириш, меҳмонхона хизматидан фойдаланиш ҳамда туризм йўналишлари бўйича тажриба алмашилди ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
- Ўзбекистонга, жумладан, шаҳримизга келаётган сайёҳларнинг асосий қисмини Қозоғистон Республикаси вакиллари ташкил этади, - дейди вилоят туризм бошқармаси халқаро алоқалар бўлими бош мутахассиси Шоҳрух Ҳайитбоев. – Шу сабабли Самарқанд шаҳрининг туризм салоҳиятини ривожлантириш ва шаҳримизга сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш мақсадида икки йил олдин Қозоғистоннинг Чимкент шаҳар туризм соҳаси вакиллари билан ҳамкорлик ўрнатган эдик. Бугун ана шу ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олдик.
- Мақсадимиз икки мамлакат, айниқса, тарихий шаҳар Самарқанд билан туризм салоҳиятини оммалаштириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, - дейди Чимкент шаҳар туризм, ташқи алоқалар ва ижодий саноат бошқармаси вакили Азамат Нуримбетов. – Шунингдек, Ипак йўли бўйлаб трансчегаравий турларни ривожлантириш ҳамда туристик ва инвестиция имкониятларини кенгайтириш. Ўйлаймизки, амалга оширилиши белгиланган янги лойиҳалар икки тарихий шаҳар туристик салоҳиятини кейинги босқичга олиб чиқади.
Тадбир доирасида сайёҳлик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Фазлиддин Рўзибоев.