Самарқанд вилоят Халқ қабулхонаси: 2018 йилда прокуратура фаолияти билан боғлиқ мурожаатлар кўпайди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятимиздаги халқ қабулхоналарига 2018 йилда жисмоний ва юридик шахслардан 25 минг 214 та мурожаат келган. Бу 2017 йилдагидан 26 фоизга кам дегани. Яъни, ўша йили мурожаатлар сони 34 минг 152 тани ташкил этган.
Ўтган йили аҳолининг халқ қабулхоналарига қилган мурожаатларининг 13 мингга яқини қаноатлантирилган, жумладан, 5292 таси ижобий ечим топган, 7 мингга яқини эса ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали ҳал қилинган.
Прокуратура, халқ таълими соҳаларига оид мурожаатлар кўпайган бўлса, бошқа барча йўналишларда аризалар камайган.
Ушбу маълумотлар вилоят халқ қабулхонасида 2018 йил якунлари ва жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда қайд этилди.
Мазкур тадбирда халқ қабулхонаси масъул ходимлари билан бирга, вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар бошқармаси, “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди вилоят бўлими масъуллари, бир қатор корхона ва ташкилот вакиллари қатнашди.
– Ҳар бир мурожаатнинг ечими вилоятдаги ташкилотлар ҳамкорлигига бевосита боғлиқ, – дейди вилоят Халқ қабулхонаси мудири Ш.Узоқов. – Чунки, ҳар бир масала қайсидир бир давлат органи ёки жамоат ташкилотига тегишли. Одамларнинг шахсий ҳаёти, оиласи билан боғлиқ муаммоларга ҳам жамоатчилик эътибори зарур. Шунинг учун халқ қабулхоналарига бўлаётган мурожаатларни фақат шу органи кўриб чиқади, дейиш нотўғри бўлади. Масала тегишлилига қараб мутасадди идоралар ҳамкорлигида ҳал этилади. Халқ қабулхоналарида бошқарув органлари раҳбарларининг қабуллари ўтказилиши боиси ҳам шунда. Биргина ўтган йил давомида Халқ қабулхоналарида жами 3 мингга яқин қабуллар ўтказилиб, унда 18 мингдан ортиқ аҳоли турли масалаларда муаммоларини билдирган. Ушбу муаммоларнинг 48 фоизга яқини ижобий ҳл этилган. 52 фоиз мурожаатчиларга зарур тушунтиришлар берилган.
Тадбирда Халқ қабулхоналари қошида давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда “Дўстлар ва ҳамкорлар клуби” ташкил этилганлиги маълум қилиниб, бу аҳолининг муаммоларини ўз фақтида бартараф этиш, йўл қўйилаётган камчиликларнинг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланди.
Вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида мурожаатлар ва улар билан боғлиқ масалаларни кенг ёритишга келишиб олинди.
Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.