Самарқанд вилояти бюджетидан коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун қанча маблағ ажратилади?

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бу галги сессиясида ҳам маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Сессияда қабул қилинган қарорга кўра, вилоят маҳаллий бюджетининг жорий йил 1 июль ҳолатига даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига дори-дармон захирасини яратиш учун 3 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Коронавирус (COVID-19)га қарши курашиш тадбирларини амалга ошириш мақсадида 53 та “Damas” автомашинаси хариди учун 4 миллиард 215 миллион сўм берилади.

Давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар ҳисобидан 2 миллиард 800 миллион сўм давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашга йўналтирилади.

Сессия давомида, шунингдек, жорий йилнинг 2-чорагида вилоят бюджети даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ва мақбуллаштирилган маблағлар ҳисобидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг котибиятини ташкил қилиш ва бошқа тадбирларга тегишлича маблағлар йўналтирилиши белгиланди.