Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилояти ҳокимлиги қай тарзда “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳокимлик” номинацияси ғолиби бўлди?

Хабар берганимиздек, "Гендер тенглик фаоли" республика миллий кўрик-танловида Самарқанд вилояти ҳокимлиги “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳокимлик” номинацияси ғолиби бўлди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан аёлларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини юксалтириш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини ошириш мақсадида вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг бошқарув аппарати, вилоятда фаолият олиб борилаётган корхона ва ташкилотлар, ҳудудий бошқармаларнинг раҳбарлик лавозимларига билимли, фидойи ва ташаббускор хотин-қизларнинг 200 нафардан ортиқ захираси шакллантирилди.

Ҳозирги кунда уларни турли раҳбарлик лавозимларига босқичма-босқич тайёрлаш ҳамда ушбу захирани ошириб бориш мақсадида муносиб номзодлар ўрганилмоқда. Жумладан, бугунги кунда вилоятимизда бир нафар Олий Мажлис Сенати аъзоси ва шаҳар ҳокими, бир нафар вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси, етти нафар шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари, бир нафар вилоят бошқарма бошлиғи, бир нафар туман прокурори, бир нафар олий таълим муассасаси ректори (чет эллик), олти нафар олий таълим муассасаси проректори, бир нафар вилоят тижорат банки бошқарувчисининг ўринбосари ва икки нафар туман тижорат банкининг бошқарувчилари, 10 нафардан ортиқ шаҳар ва туманлар халқ таълими, мактабгача таълим ҳамда тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ҳамда 15 нафар касаба уюшмалари қўмиталари раислари лавозимларида хотин-қизлар самарали меҳнат қилиб келмоқда. Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, хотин-қизлар вилоят, шаҳар ва туманлардаги давлат ва жамоат ташкилотларида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб келишмоқда.

Вилоят бўйича умумий статистик маълумотларга эътибор қаратилса, раҳбарлик лавозимларида жами 8 925 нафар раҳбар аёллар фаолият олиб бормоқда. Шундан, 32 нафари олий таълим, 19 нафари ўрта махсус таълим, 1005 нафари халқ таълими, 724 нафари мактабгача таълим, 167 нафари соғлиқни сақлаш, 108 нафари ишлаб чиқариш, 232 нафари қишлоқ хўжалиги, 8 нафари қурилиш соҳаси, 32 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда, 116 нафари хизмат кўрсатиш соҳасида, 21 нафари маданият ва санъат йўналишида, 28 нафари ҳокимликлар тизимида, 5030 нафари хусусий секторда, 1 296 нафари маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимларида фаолият олиб бормоқда.

Таъкидлаш жоизки, хотин-қизлар нафақат вилоятдаги корхона ва ташкилотларда, балки халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашларининг сафида самарали депутатлик фаолиятини олиб бормоқда. Мисол учун, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 60 нафар депутатларидан 21 нафарини аёллар ташкил этади.

Хотин-қизлар меҳнатини муносиб тақдирлаш, уларга берилаётган эътиборнинг амалий ифодаси сифатида 2021 йилда вилоятдан давлат мукофоти билан тақдирланган ташаббускор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбар-ходимларидан 17 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади. Бундан ташқари, ўтган йилларда 54 нафар аёллар “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан ҳамда 26 нафар иқтидорли ва истеъдодли қизлар “Зулфия” номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган.

Жорий йилнинг 10 март куни вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Самарқанд шаҳар ёшлар марказида вилоятдаги “Иқтисодчи хотин-қизлар билан учрашуви” ўтказилиб, унда ўз иш фаолиятлари ва илмий изланишларидан келиб чиқиб, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан таклиф ва ғоялари тингланди. Суҳбат натижаларига кўра, иқтисодчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни жонлантириш, уларни раҳбарликка тайёрлаш бўйича вазифалар белгиланди.

Ёшларга берилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятларга “лаббай” деб жавоб бера оладиган, интеллектуал жиҳатдан салоҳиятли ва фаол фуқаролик позициясига эга, теран фикрлайдиган, мустақил дунёқарашга эга ёшларни саралаб олишда жорий йилда вилоят ҳокимлиги истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида республикамизда биринчи бўлиб, “Самарқанд илмли қизлари” клублари фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда 120 нафар қиз ушбу клубнинг фаол аъзоси ҳисобланади. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ҳузурида 2020 йилда ташкил этилган, олий таълим муассасаларини аъло баҳоларга тамомлаган “Самарқанд келажак жавоҳирлари” клуби фаолияти йўлга қўйилиб, бугунги кунда унинг 848 нафар аъзоларидан 300 нафардан ортиғини қизлар ташкил этади. Давлатимиз раҳбари раислигида 2021 йил 26 февраль куни хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат органларининг масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизими доирасида жами 81 минг 612 нафар хотин-қизларга манзилли ёрдамлар кўрсатилди, бунда 174,3 млрд. сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, 27 минг нафардан зиёд хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, 4,2 минг нафари тадбиркорлик кўникмаларини шаклантириш ва ривожлантириш бўйича ўқитилди, 7,7 минг нафарига 154,8 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.

Шунингдек, 7 600 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд аёлларни, 6 100 нафар 1, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган аёлларни, 1 850 нафар қарамоғида ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 27,6 млрд. сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

363 нафар I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди, нотурар жойларда ва ижарада яшаб келаётган 597 нафар аёл уй-жой билан таъминланди. 16 минг тиббий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни даволаш ишлари амалга оширилди, уларнинг 106 нафарида мураккаб жарроҳлик операцияси ўтказилди.

9 100 нафар хотин-қизларга психологик ёрдамлар кўрсатилди, 8 400 нафарига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Уй-жойга муҳтож бўлган 120 нафар хотин-қизларнинг бошланғич тўловлари тўлаб берилди. Шу билан бир қаторда уларнинг бандлигини таъминлаш, моддий ёрдам кўрсатиш масалаларида қатор ишлар амалга оширилди.

Вилоят ҳокимлиги томонидан бундан кейин ҳам хотин-қизлар учун зарур имконият ва шарт-шароитларни яратиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.

Беҳзод Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари.