Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича аниқ статистика юритилади

Ўзбекистонда зўравонликдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари учун статистик маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш бўйича электрон журнал ишлаб чиқилди, дея хабар берди Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати.

Пандемия шароитида дунё бўйлаб хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайгани қайд этилмоқда. Бундай вазиятда зўравонликдан жабр кўрган аёлларни реабилитация қилиш институтларининг фаолияти муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирги пайтда Республикада 197 та реабилитация марказлари фаолият юритмоқда. Маълумотга кўра, ушбу марказларда ўтган йилнинг декабрь ойигача 21 мингдан ортиқ фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинган. Шундан 986 нафари эркак, 788 нафари бола ва 19784 нафари аёл.

Гендер бўйича статистикани ишлаб чиқиш ва уни таҳлил қилиш бу соҳада тенгликка эришиш усулларидан бири ҳисобланса-да, шу пайтгача марказларда зўравонлик бўйича вазиятни таҳлил қилиш учун комплекс маълумотлар йиғилмаган.

Аниқ ва тўлиқ маълумотлар хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳақида жамиятни хабардор қилишга хизмат қилади. Бундай ахборотнинг мавжуд эмаслиги ушбу муаммони ҳал қилиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг самарасини баҳолашга имкон бермайди.

«Август ойидан бошлаб шелтерларнинг ҳар бир минтақавий бўлими зўравонлик қурбонларининг мурожаатларидан келиб чиқиб тўлдиради. Ҳар ой охирида марказлар янгиланган маълумотларни республика реабилитация марказига юборади. Шу тариқа, гендер масалалари бўйича аниқ маълумотлар тўпланади», дейилади хабарда.