Самарқанд вилоятидаги аҳоли масканларининг 97 фоиз қисми оптик толали алоқа линиялари билан қамраб олинган
«Рақамли Ўзбекистон–2030» стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбектелеком» АК Самарқанд филиали вилоятнинг ҳар бир ҳудудидаги хонадонларни барча алоқа воситалари билан қамраб олиш ишларини олиб боряпти.
- Келинг, буни 2023 йилда амалга оширилган ишлар мисолида кўриб чиқайлик, - дейди “Самарқандтелеком” директори ўринбосари Жавоҳир Орифий. - Жумладан:
- ҳудудларда 4 957 километр оптик толали алоқа линиялари қурилди;
- 101 998 та абонент сиғимига тенг абонент портлари ўрнатилиб, аҳолига юқори тезликдаги телекоммуникация хизматлари тақдим этилди;
- вилоят бўйича 5 654 км оптик алоқа линиялари ташкил қилиниб, вилоят миқёсидаги бундай алоқа линияларининг умумий узунлиги 22 254 километрга етказилди;
- 277 та «Uzmobile» базавий станцияларига 293 километр, 125 та соғлиқни сақлаш объектига 25 километр оптик толали алоқа линиялари тортилди;
- Самарқанд шаҳар Мирзо Улуғбек ва Гагарин кўчалари кесишмасида қурилаётган тоннель коммуникацияларини комплекс қуриш режаси асосида 2,17 километр ер ости алоқа канал қурилди;
- 2023 йил барча инфратузилма объектлар қамрови 100 фоизга етказилди;
- аҳолига сифатли телекоммуникация хизматларини кўрсатиш мақсадида вилоят миқёсида 376 та тарқатиш жавонлари профилактика қилиниб тартибга келтирилди;
- 3720 дона телефон қудуқлари тозаланиб, ундаги кабеллар тартибга олинди, 3204 дона алоқа устунларидаги алоқа кабеллари тартибга келтирилди ва фойдаланишга яроқсизлари янгисига алмаштирилди, 437 километр ҳаво алоқа симлари ҳамда 5524 та алоқа қурилмалари профилактика қилиниб, иш фаолияти йўлга қўйилди.
Муҳими, бугунги кунда Самарқанд вилояти ҳудудидаги мавжуд аҳоли масканларининг 97 фоиз қисми оптик толали алоқа линиялари билан қамраб олинган. Ушбу ҳудудлардаги аҳолининг эҳтиёжига кўра юқори тезликда ишловчи GPON технологияси асосидаги интернет тармоғига улаш ишлари жадал олиб бориляпти.
Дарвоқе, 2023 йилда алоқа қурилмаларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида электр энергиясида кўплаб узилиш кузатиладиган ҳудудларда 155 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиб, мавжуд аккумулятор батареялари янгиларига алмаштирилди.
Шунингдек, филиал томонидан Самарқанд шаҳридаги кўплаб техник имкониятлар мавжуд бўлган ҳудудлар ўрганилиб, интернет тармоғига уланмоқда. Хусусан, 2023 йил давомида 60 625 таси GPON, 3 796 таси интернет ҳамда 3 267 таси xDSL технологияси асосида, жами 67 688 та абонент телекоммуникация хизматларига уланди.