“Самарқанд” халқаро аэропортида 130 қути тамаки маҳсулоти ушлаб қолинди
“Самарқанд” халқаро аэропортида “Истанбул-Самарқанд” йўналишида учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси М.Р. “яшил” йўлак орқали сигарета партиясини ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Бироқ уддабуроннинг иши юришмади. Божхона назорати зонасидан ўтиш вақтида М.Р.нинг қўл юклари божхоначиларда шубҳа уйғотди. Фуқарога тегишли қўл юклар холислар иштирокида кўздан кечирилганда сумка ичидан йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган 3 миллиондан зиёд 130 қути “Parliament” номли тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февраль куни “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари олинадиган товарларни мамлакатга олиб киришнинг чегаравий меъёрлари тасдиқланган.
Унга кўра жисмоний шахслар 10 қутигача бўлган тамаки маҳсулотларини олиб киришларига рухсат берилган.