Самарқанд халқаро технология университети: Имтиҳонларни хорижлик профессор-ўқитувчилар олади, энг юқори балл олган 20 кишига грант берилади 

Бу ҳақда университетнинг қабул жараёнларига оид ташкил қилинган "Очиқ эшиклар куни"да ректор Юсуф Абдуллаев маълум қилди.

Биз сон учун эмас, сифат учун курашамиз, яъни бизда таҳсил олган талабалар жаҳон стандартларига мос етук мутахассислар бўлиши керак. Шу сабабли кейинги ўқув йилидан университетга 350 нафар талаба қабул қиламиз ва ундан оширмаймиз. Мақсадимиз - 2030 йилгача университетимиз Ўзбекистонда энг етакчи олий таълим муассасаларидан бири бўлиши керак. Имтиҳонларни хорижлик профессор-ўқитувчилар олади. Энг юқори балл тўплаган 20 нафар талабага давлат гранти асосида ўқиш имконияти берилади, - дейди - Юсуф Абдуллаев.

Университет очилганига энди бир йил тўлди, ҳозирда хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Яқинда Хитой университетлари ҳамкорлигида мазкур олий таълим муассасасида Хитой энергетика институти (факультети) ташкил этилди. Янги ўқув йилида бутун дунё бўйлаб ишлаш имкониятига ва халқаро дипломга эга бўладиган 40 нафар талаба таҳсил олиши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, "Иссиқлик энергетикаси" йўналишида икки йил ўқиган талабалар, қолган икки йиллик таълимни Хитойда олиши мумкин.

Жанубий Корея билан ҳамкорликда очилган "Қайта тикланадиган энергия манбалари" Яшил" технологиялар", "Дизайн","Рақамли иқтисодиёт" йўналишларида икки йил ўқиган талабалар ўқишининг қолган икки йилини Жанубий Кореяда давом эттириш имконига эга.

Самарқанд халқаро технология университетининг ўқув режа ва дастурларининг қарийб 99 фоизи жаҳон стандартлари асосида хорижий техника университетлари билан ҳамкорликда яратилган бўлиб, унда дарслар тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. 2023-2024 ўқув йилида бакалавриат йўналишида ўқиш учун 275 та квота ажратилган.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.